Президент Шавкат Мирзиёев раислигида бугун бўлиб ўтган навбатдаги йиғилишда коронавирусни бартараф этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди.
Хусусан, коронавирусга қарши курашишда хитойлик ва кореялик мутахассилсар жалб этилгани, Россия, Германия, Япония, Туркия давлатларидаги мутахассислар билан эса доимий телемедицина алоқалари ўрнатилгани таъкидланди. Ҳар бир беморни даволашда эса 24 соатлик онлайн маслаҳатлашув йўлга қўйилгани айтилди.
Йиғилишда Президентимиз бугун коронавирусдан вафот этган чирчиқлик бемор ҳақида гапирди.
“Шунча огоҳлантиришларга қарамасдан, Чирчиқ туманида қирқ ёшли йигит хасталикни юқтириб олиб, уйида даволанмоқчи бўлган. Ўша йигитнинг соғайиб кетиши учун барча зарур чораларни кўришларини шахсан қайта-қайта илтимос қилдим. Афсуски, касалликни анча ўтказиб юборган экан, ҳаётини сақлаб қолишнинг имкони бўлмади. Оила аъзоларига ҳам касаллик юқтирган. Ҳозир ҳаммалари назоратга олинди. Марҳумнинг оила аъзоларига, яқинларига ҳамдардлик билдираман”, – дея президентнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Эслатиб ўтамиз, ҳозиргача Ўзбекистонда коронавирусдан 3 нафар бемор вафот этди, 30 нафари тузалди.