Коронавирус пандемиясига қарши курашиш учун қилинаётган хайрия маблағлари “Меҳр-шафқат ва саломатлик” жамоат фондига келиб тушаётганидан кўпчилик яхши хабардор. Албатта, юқоридаги саволлар кўпчиликни қизиқтираётгани табиий. Шунингдек, бу фонд қачон ташкил қилинди, у қандай мақсадларни кўзлаган, шу пайтгача қанча пул тушди-ю, қанчаси нимага сарфланди? Жамоатчиликни қизиқтирган ушбу саволлар билан “Меҳр-шафқат ва саломатлик” жамоат фонди бошқарув раиси Асрол Мирзаҳмедовга мурожаат қилдик.
-Аввало шуни айтиш керакки, кўпчилик ўйлаганидек бу фонд коронавирусгақарши курашиш заруриятидан, яқиндагина ташкил этилгани йўқ. “Меҳр-шафқат ва саломатлик” жамоат фонди бир неча ўн йиллардан буён аҳолининг ижтимоий муҳофазага муҳтож, якка ёлғиз, ногирон, кўмакка муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаб келмоқда. Ҳар йилги харажатлар сметаси бир неча миллиардни ташкил қилади. Бу ҳақда кейин батафсил маълумот беришим мумкин.
Асосий масала, фонда келиб тушаётган маблағлар қандай тартибда сарф этилмоқда? Демак, фондга ҳомийлик ҳисобидан шаклланган маблағларни сарфлашнинг вақтинчалик тартиби қуйдагича:
- коронавирус инфексиясини юқтирган беморларга тиббий ёрдам кўрсатиш учун тегишли тиббиёт муассасаларига дори воситалари, тиббий буюмлар, лаборатория реактивлари ва бошқа сарфлаш воситаларини сотиб олишга;
- коронавирус тарқалишига қарши курашиш тадбирларига жалб қилинган даволаш-профилактика муассасаларида дезинфексия тадбирларинин амалга ошириш учун дезинфексияловчи восита ва асбоб-ускуналарни, шунингдек, тиббиёт асбоб-ускуналари ва махсус транспорт воситаларини сотиб олишга;
- коронавирус инфексияси тарқалишини олдини олиш, профилактика ва тарғибот ишларига;
- тиббиёт муассасаларини қуриш, реконструксия қилиш ва таъмирлашга;
- коронавирус инфексияси тарқалишига қарши курашиш тадбирларига жалб қилинган тиббиёт, санитария-епидемиологик ва бошқа ходимларга моддий рағбатлантиришга.
Энди аниқ рақамлар ҳақида гапирсак. Яъни 10 апрел маълумотига кўра, 65 дан ортиқ турли ташкилот ва ҳомийлар томонидан ҳам жисмоний шахслардан фондимиз ҳисоб рақамига 57 миллиард 613 миллиондан ошиқроқ миқдорда ҳомийлик маблағлари келиб тушди. Айнан жисмоний шахсларнинг ўзи 2 миллиард 370 миллиондан кўпроқ ҳомийлик қилди. Бу ҳам юртдошларимизнинг бефарқ эмасликларини кўрсатиб турибди. Яна мисол учун 10 апрел санасининг ўзида қарийиб 1,5 миллиард ҳомийлик маблағи келиб тушди.
Харажатлага келсак, 10 апрел кунига қадар юқорида айтилган мақсадлар учун 5 миллиард 767 миллиондан кўпроқ маблағ сарфланди. Албатта, бу маблағлар бевосита Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда, мутасаддилар кўрсатмаси асосида зарур мақсадлар учун ажратилмоқда.
Биз оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликдан манфаатдормиз. Фаолиятимиз шаффофлигини таъминлашда уларга суянамиз. Келиб тушган маблағлар, сарф-харажатлар ҳақида барча саволларга жавоб беришга тайёрмиз.