Хабар қилганимиздек бугун навбатдаги брифинг бўлиб ўтди. Унда Шоҳрух Ғиёсов иштирок этиб, асоссиз танқид қиладиганларга мурожаат қилди.
Брифингда Аслан исмли блогердан савол келиб тушди. У ўз саволида милиционерлар ноҳақ велосипедларни олиб қўяётгани, зўравонлик билан фуқароларни автобусга босиб олиб кетиши ва ҳоказо мавзуларда унга мурожаатлар келиб тушаётанини билдирди. Блогер ушбу ҳаракатларни фуқаро ҳуқуқининг бузилиши деб атаб, халққа босим ўтказишни тўхтатишни сўради.
Ўз навбатида ИИВ вакили Аслан орқали, "диванный критик"лар, яъни уйда ўтирволиб танқид қиладиганларга мурожаат қилди.
"Ҳуқуқбузарлар ҳамма ерда бор. Бу муаммо фақат бизда эмас, бутун дунёда кузатилади, яъни одамлар тушунишни истамай, тартибга риоя қилмай кўчага чиқишади, табиийки уларга нисбатан қатъий чоралар кўрилади.
Ўз-ўзидан тартиббузарларга ички ишлар ходимларининг қатъий чоралари ёқмайди. Бироқ айрим қоидабузарларнинг фикрлари ёки оммавий чиқишлари ички ишлар органларининг умумий ишига таъсир ўтказмайди.
Биз доим давлат талабларини халқ номидан амалга оширамиз.
Кимнидир мажбурлаш ҳеч кимга ёқмайди, лекин давлат 34 млн аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш учун бу чораларни кўришга мажбур.
Агар сиз тартибга риоя қила олмасангиз ёки истамасангиз, ишонтириб айтаманки, биз сизни тартибга риоя этишга мажбур қиламиз.
Фурсатдан фойдаланиб, бу қийин кунларда ички ишлар органлари ходимлари ҳаракатларини холис баҳолаётган фуқароларга, жумладан, бизни қўллаб-қувватлаётган ва асосийси, аҳолига тўғри, ишончли ахборот етказаётган блогер ва журналистларга миннатдорлик билдираман. Бу биз учун айни вақтда ҳақиқатан жуда зарур" - деди Ғёсов ўз мурожаатида.