Sumitomo Mitsui Banking Corporation (SMBC) билан Ўзмиллийбанк ўртасида умумий қиймати 100 млн. АҚШ доллари бўлган ҳамкорлик шартномаси имзоланди, дея хабар қилмоқда EVERYDAY.UZ мухбири.
Шартнома Япониянинг етакчи банкларидан бири ҳисобланган SMBC ҳамда ушбу банк фаолият олиб борадиган мамлакатлардан, экспорт-кредит агентликлари суғурта қопламаси асосида, савдо ва юқори технологик ускуналар ва хизматларни етказиб беришни кўзда тутувчи лойиҳаларни молиялаштиришни ўз ичига олади.
Мазкур шартнома SMBC мижозларига Ўзбекистон Республикасида амалга ошириладиган инвестицион лойиҳаларда Ўзмиллийбанк билан биргаликда иштирок этиш имконини беради.
Томонлар шунингдек, япон иенасида клиринг ва ҳисоб-китобларни амалга ошириш, синдикатлашган лойиҳаларни молиялаш ҳамда техник кўмак кўрсатиш ва ўзаро тажриба алмашиш борасида ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича келишувга эришди.