Аввалроқ Қашқадарёда икки нафар бемор коронавирусдан тузалгани ҳақида ёзган эдик. Уларнинг бири 8 ёшли бола. Чироқчилик боланинг онаси фарзандлари ва эри қандай қилиб коронавирусга чалингани ҳақида гапирди.
Аёлнинг айтишича, эри 14 ёшли фарзандини операция қилдириш учун Тошкентга олиб борган. У ерда эрининг икки тоғаси уларни кутиб олган. Операция ўтказилган ва улар уйига қайтган. Орадан бироз вақт ўтгач уйига меҳмонга чақирган кичик тоғаси коронавирусдан вафот этгани ҳақида хабар келган. Бу орада мазаси бўлмай ётган турмуш ўртоғи марҳум билан мулоқотда бўлганини шифокорларга айтган. Шундан сўнг аёлнинг барча оила аъзолари ҳамда улар билан мулоқотда бўлганларнинг ҳаммаси карантинга олинган. Таҳлил натижасига кўра аёлнинг эрида ва уч нафар фарзандида коронавирус аниқланган. Аёл бундан ҳайрон қолганини айтган. Сабаби у тез-тез касал бўлиши, яқинда ҳам осма дори олганини билдирди. Ҳозирда аёлнинг 8 ёшли ўғли тузалган. Шифохонада бу йил ўқишга топширадиган 16 ёшли қизи, 14 ёшли ўғли ва турмуш ўртоғи қолмоқда. Аёл фуқаролардан юртимиздаги беморлар ва икки фарзанди ҳамда эри учун соғлиқ тилашни сўраб қолган.
Аёл ҳозирда ҳамма танишлари, қариндошларини ҳавотирга қўйганидан ҳижолатда эканини айтган. Шунингдек, фарзандлари ва эрига куну-тун қараётган шифокорларга миннатдорчилик билдирган. Фуқаролардан шифокорлар тавсиясига қулоқ солишни сўраган.