Ўзбекистон “Меҳр-шафқат ва саломатлик” жамоат фондига қанча пул келиб тушди? Ушбу саволга жавоб олиш мақсадида фондга мурожаат қилдик.
Фонд бошқаруви раҳбари Асрол Мирзаҳмедовнинг маълум қилишича, шу йил 15 апрел соат 18:00 ҳолатига кўра фондга 67 миллиард 163 миллондан кўпроқ маблағ келиб тушган.
"15 апрелнинг ўзида 1 миллиард 300 миллон сўм фондга ўтказилди", - дейди Мирзаҳмедов.
Шунингдек, фонд ҳисобида 15 апрел соат 18:00 ҳолатига кўра чет эл валютасида 45 363 доллар ва 10 минг евро борлиги таъкидланди.
Бошқарув раҳбари фондга келиб тушаётган маблағларнинг қанчаси сарф қилинганлигига ҳам тўхталиб ўтди.
"Фондга келиб тушган пуллардан жами 6 миллиард 600 миллиондан кўпроқ пул ҳаражат қилинди. Апрель ойининг ўзида 2 миллиард 830 миллондан ошиқроқ пул ҳаражат қилинган бўлса, 15 апрел санасининг ўзида 311 миллиондан кўпроқ маблағ сарфланди", - дея қўшимча қилди фонд раҳбари.
Асрол Мирзаҳмедов ушбу маблағлар зарур дори воситалари, керакли тиббиёт асбоб ускуналари, Президентимизнинг 2020 йил 26 мартдаги қарорига мувофиқ, Вирусология илмий-текшириш институти ходимларини махсус қўшимча рағбатлантириш, COVID-19 га қарши курашиш мақсадида тиббиёт ходимлари учун зарур қўлланмалар тайёрлаш учун ишлатилаётганини маълум қилди.