"Маърифат" журналисти Учкўприк тумани ҳокимлиги томонидан ҳуқуқлари бузилаётгани юзасидан АОКАга мурожаат қилди. Бу ҳақда агентлик раҳбари маълум қилди. У ўзининг телеграмдаги каналида қуйидагилар ҳақида ёзди.
"Кеча Агентлигимизга "Маърифат" газетаси журналисти Шарифа Мадраҳимовадан Фарғона вилояти Учкўприк тумани ҳокимлиги томонидан ҳуқуқлари бузилганлиги тўғрисида мурожаат келиб тушди.
АОКА воқеликни диққат билан ўрганиб чиқди ва якунда туман ҳокимлик вакиллари ҳамда туман ИИБ ходимлари томонидан "Оммавий ахборот воситалари тўғрисида" ва "Журналистларнинг касбий фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги қонунлар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси нормалари бузилиши эҳтимоли юзасидан вазиятга ҳуқуқий баҳо беришни сўраб, Бош прокуратурага мурожаат қилди. Ҳозирги вақтда Бош прокуратура масалани ўрганмоқда ва натижалари бўйича ўз қарроини билдиришни режалаштирмоқда.
Президент Ш.Мирзиёевнинг очиқлик сиёсати давлат идораларидан халқ билан яқин мулоқот ўрнатиш, фуқароларнинг сўровлари, муаммолари ва таклифларига ўз вақтида жавоб беришни талаб қилади. Ушбу мулоқотни олиб боришда оммавий ахборот воситалари ва блогерлар беқиёс рол ўйнайди, улар халқимизга ахборот етказишда барча давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига катта ёрдам кўрсатмоқда. Улар, шунингдек, давлат идоралари матбуот хизматининг таянчи ҳисобланади.
Aгентлик барча давлат идоралари ахборот соҳасида мамлакат қонунчилигини ҳурмат қилишлари ва конструктив танқидни тўғри қабул қилишлари шарт деб ҳисоблайди, чунки ОAВ ва блогерлар идораларнинг обрўси ва ҳаракатларига путур етказиш мақсадида танқид қилишмайди, балки шу орқали уларга фуқароларнинг маълум муаммоларини кўришларига имкон бериш учун, давлат органлари фаолиятидаги, хусусан жамиятни хабардор қилишдаги хатолар, камчиликлар ва уларни халқимиз манфаатларига мос равишда тезда бартараф этиш учун меҳнат қилишади", - дейди агентлик раҳбари Дилшод Саиджанов.