Маълумки карантин шароитида воҳамизда картошкага бўлган эҳтиёж ҳар кунгидан-да ошди. Шундан келиб чиқиб вилоятимизда озиқ-овқат ҳавфсизлигини таъминлаш мақсадида Хоразм вилоят хокими яқинда бўлиб ўтган сессияда Шовот туманидаги “Соҳибкор” маҳалласи кўп йиллардан бери картошка етиштиришда бой тажрибага эга эканлигини инобатга олиб, мазкур ҳудудда яна картошкачиликни ривожлантириш мақсадга мувофиқ бўлишини айтган эдилар. Мазкур таклифни қўллаб-қувватлаган ҳолда сенатор туманнинг “Соҳибкор” ва “Бешмарган” маҳаллаларида бўлиб, аҳоли томорқалари, деҳқонларнинг картошкачиликни ривожлантириш борасидаги ҳохиш-истаклари ва бу борадаги мавжуд муаммоларини ҳам ўрганди.
Маълумот ўрнида “Соҳибкор” ҳудуди 1983 йили тажрибали фермер Ахмаджон Абдуллаев ташаббуси билан картошкачиликка ихтисослаштирилган давлат хўжалиги бўлиб ташкил этилган. Хоразм воҳасида картошка етиштириш ўзининг самарасини бермайди деган кўпларнинг фикрини рад этиб, биринчи марта шу ҳудудда картошка етиштирган ва 200-250 центнергача ҳосил олиб, имконият ва салоҳиятини яна бир бор исботлаб берган. Шудан кейин мазкур ҳудудда етиштирилган картошкалар нафақат туман бозорларида, балки Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида ҳам Соҳибкор картошкаси номи билан ўз ўрнига эга бўлган. Бу тажрибани бугунги авлод вакиллари ҳам жуда яхши ўзлаштирганлар.
Шовот туманининг “Уста Матсафо” фермер хўжалиги раҳбари, O’zLiDePнинг қуйи бўғини раиси, партиямизнинг кўп йиллик фидойи инсонларидан бири Шухрат Удабоев сенатор Умарбек Шариповга ўзининг ташаббуси билан ташкил қилаётган маҳалла гузарининг қурилиш-таъмирлаш ишлари ва галдаги мақсадлари билан таништирди.
Мазкур гузар шу йилда ишга туширилиб, унда оталар чойхонаси, гўзаллик салонлари, тикувчилик цехи, дорихона ва савдо шахобчаларини ўз ичига олиб, 12 та янги иш ўринлари яратилади. Бунинг билан маҳалладаги ёшлар ишли бўлади. Шунингдек, партиямиз фаоли Шухрат Удабоев карантин шароитида маҳалласига амалий кўмак бериш мақсадида 5 та эҳтиёжманд оилаларни оталиққа олиб, мунтазам равишда уларни озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаб келмоқда ва яна 95 та оилага яқинда гўшт маҳсулотларини ҳам тарқатиб, кўпларнинг дуоларини олишга ҳам улгурган.
Сенаторимизнинг навбатдаги манзили “Янги йўл” маҳалласи бўлди. Шовотлик Муяссар Абидхўжаева “Янги йўл” маҳалласининг чинакам маънодаги бугунги кун қахрамон аёлларидан бири. Ўзининг кўп йиллик тинимсиз меҳнати эвазига айни пайтда 2 та фермер хўжалигига раҳбарлик қилиб келмоқда. “Қўзибоев Жамолбек” ф/х 115 гектар бўлиб, пахта ва ғалла йўналишида олиб борилаётган бўлса, 18 гектар “Абдуллаев Аматжон” фермер хўжалиги чорвачиликка ихтисослашган. Германиядан 2015 йилда 15 та, 2019 йилда 33 та наслли қорамолларни келтириб фермер хўжалигида кўпайтириб бошлаган ва бугунги кунда уларнинг сони 110 бошга етган. Насиб қилса шу йилнинг сентябр ойида яна 33 бош ана шундай наслли қорамолларни Германия давлатидан келтиришни режалаштирган.
Молларни сифатли озуқа билан таъминлаш, сут ва гўшт маҳсулотларининг янада сифатли бўлиши мақсадида 13 гектар ерга жавдари буғдой, 10 гектар ерга маккажўхори ва 2,5 гектар ерга сўя экиб, қорамолларни боқиш билан бирга улардан ҳам қўшимча даромад олади.
Маҳалласидаги кам таъминланган ва ишсиз 13 та оилага ўз ерларидан 5 гектарини ажратиб, моддий ёрдам сифатида берган. Айни пайтда ушбу оила аъзолари ўзлари учун зарур бўлган озиқ-овқат маҳсулотларини шу томорқаларда етиштириб келмоқда. Фермер хўжалигида бугунги кунда 12 та доимий ва 25 та мавсумий ёшларни иш билан таъминлаган.
Шунингдек, тиниб-тинчимас аёлимиз пиллачилик билан ҳам шуғулланади. Ўтган йил 350 кг пиллага шартнома имзолаб, уни ортиғи билан 500 кг қилиб давлатга топширган бўлса, бу йил 6 оилага пилла тарқатиб натижани янада ошириш ҳаракатида. Биргина пилланинг ўзидан ўтган йили 20 млн даромад олган. Айтганча, ана шу пилла боқаётган оилаларга ҳам мавсумий ишларига қўшимча даромад олишлари учун фермер хўжалигидан бўшаган ерларни такрорий экин экиш ва қўшимча даромадга эга бўлишларини таъминлаш мақсадида ҳар йили маҳалладошларига бериб амалий ёрдам қўлини чўзиб келмоқда. Қилган ҳайрли ишларини айтишга уялаётган Муяссар опани маҳалладошлари дуо қилиб мақтадилар. Яқинда 200 та оилага 10 кгдан гўшт маҳсулотларини ёрдам сифатида ҳам улашибдилар.
Сенаторимиз бошчилигидаги ишчи гуруҳ Рўзмат ота Юсуповнинг дала томорқасида ҳам бўлдилар. 1,5 сотих ердан бир оилани йил бўйи таъминлашга етадиган даромад олаётган отахонимиз ўғли, келини билан биргаликда ўзи ҳам тиним билмай меҳнат қилади. Томорқасида картошка, пиёз, сабзи, бодринг, помидор, балгари қалампири, ошқовоқ, кўкатлар, шоли ва буғдой ҳам етиштиради. Ўтган йилнинг ўзида томорқасига такрорий экинлар экиб, 2-3 марта ҳосил олган.
Олий Мажлис сенати аъзоси У.Шарипов кўпни кўрган тажрибали отахондан Шовот туманининг “Соҳибкор”, “Бешмарган” ва “Янги йўл” маҳаллаларини “Бир маҳалла-бир маҳсулот” тамойили асосида картошкачиликка ихтисослаштириш борасидаги таклифни ва бу борада туманда қандай муаммо борлигини сўради.
Томорқа соҳибининг айтишига қараганда маҳалласига картошка уруғлари етказиб берилишида кўмаклашилса маҳалланинг ҳар битта хонадони 200-300 центнергача картошка етиштиришга салоҳияти ва билими етарли. Айни пайтда уруғларни Россия, Қашқадарё ва Самарқанддан келтиришмоқда. Лекин уни олиб келиш ҳам қийин. Агарда туманга картошка уруғлари сифатли қилиб етказиб берилишига кўмаклашилса, барча хонадон эгалари картошка етиштириш билан бемалол шуғулланишларига ишонаман. Чунки, бизнинг ҳамқишлоқларимиз картошка етиштиришнинг сир-асрорларини кўп йиллардан бери билиб, етарли тажриба ва билимни ўзлаштирганлар.
Ўрганишлар натижасида шуни ишонч билан айтиш мумкинки, Шовот туманининг қайси фермер, тадбиркор ва томорқачиси билан суҳбатлашмайлик, ҳар бирининг томорқасида картошка экилганлиги ва ҳар йили яхшигина даромад олишларига такрор-такрор амин бўлдик.
Нилуфар Джаббарова,
O’zLiDeP Хоразм вилоят Кенгаши
Сиёсий таълим ва партиянинг депутатлик
бирлашмалари билан ишлаш бўлими
Сиёсий таълим сектори мудири
O’zLiDeP Хоразм вилоят Кенгаши
Сиёсий таълим ва партиянинг депутатлик
бирлашмалари билан ишлаш бўлими
Сиёсий таълим сектори мудири