Бугун бўлиб ўтган навбатдаги брифингда Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов иштирок этди.
Унда Шерматов 2019-2020 ўқув йили "online-maktab" лойиҳаси доирасида ташкил этилган масофавий телевизион видеодарслар орқали якунланишини маълум қилди.
“5-11-синф ўқувчилари учун босқичли назорат ва якуний давлат имтиҳонларини ўтказиш йўллари ёки бекор қилиш масаласи муҳокама қилинмоқда”, – деди вазир.
Ушбу масала юзасидан Махсус ҳукумат комиссиясининг қарори вазирлик каналлари орқали эълон қилиниши таъкидланди.
Шунингдек ,Шерматов маткабни олтин ва кумуш медалларга битирганларга ҳеч қандай имтиёз берилмаслигини маълум қилди.
“Халқ таълими вазирлиги олий ўқув юртига кириш учун талабгор ёшларга тенг имкониятлар тақдим этиш тарафдори” – дея қўшимча қилди Шерматов.
Бундан кўзланган мақсад ўқувчиларни таълим олишга бўлган қизиқишларини янада ошириш, улар ўртасида соғлом рақобатни шакллантириш, коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш ва иқтидорли ўқувчилар билимини рағбатлантиришдан иборат эканлиги айтилди.