Сарлавҳани шундай номлаганимиз бежизга эмас. Яқинда UPL.UZ сайти бош муҳаррири бир амалдор билан интервью ташкил қилмоқчи бўлган, лекин у ушбу мақсадини амалга ошира олмаган.
Бу ҳақда ёш журналистнинг ўзи Телеграмдаги шахсий блокида ёзиб қолдирган.
“Мен бир вазирдан интервью олишни хоҳлаган эдим, хаттоки унинг матбуот хизмати билан ҳам боғландим. Менга эса хат юборишим кераклигини айтишди. Хатда сайтим ҳақида ва ўша амалдор билан интервью олиш илинжида ёнаётганимни ҳамда унга ҳурматим чексиз эканимни ёзишим керак экан. У (матбуот хизмати) менга ана шундай хатларнинг бир-иккитасини намуна сифатида юборди. Уларнинг хатини ўқиб очиғи уялиб кетдим. Яхшиси мен вазирлардан кўра оддий одамлардан интервью оламан.
Ишонинг, оддий одамлардан интервью олиш қизиқроқ ва уларнинг қабулига ёзилиш осонроқ”, - дейди журналист.
Ёш журналист ўз фикрининг сўнггида, “вазирни ҳурмат қиламан деб ёзавер, ёзавер, яна қўшимчасига у “красавчик” деб ёзиб қўй (уни шунақа деб аташса ёқади)...” деб қўшимча қилган.
UPL.UZ бош муҳаррири айнан қайси вазирдан интервью олишни режалаштиргани ҳақида айтмаган.