Қонликўлда кескин камайиб кетган ғаройиб жонивор пайдо бўлди. Бу ҳақда 6 май куни тармоқларда хабарлар тарқалди.
Маълум бўлишича, тумандаги “Жана-қала“ ОФЙдаги хонадонларнинг бирига антиқа жонзот келиб қолган. Кейинчалик ушбу жонзот Қизил китобга киритилган олакузан экани маълум бўлди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, олакузан Шарқий Европа, Олд ва Марказий Осиё, Россия, Шимоли-ғарбий Хитой, Мўғулистон каби ҳудудларда тарқалган. Мамлакатимизнинг Қизилқум ва Қарши чўлларида, Устюрт ясси текислиги, Мирзачўл ҳамда Сурхон дарёсининг қуйи ва Оҳангарон дарёсининг олд қисмларида, Ангрен ясси текислигининг юқори тоғ қисмида учрайди. Кейинги пайтларда ерларнинг ўзлаштирилиши оқибатида улар кескин камайиб кетган. Ҳозирда Ўзбекистонда уларнинг таҳминан 5 мингтаси бор.
Ўз оёғи билан адашиб келиб қолган ноёб жонзот Нукус ҳайвонот боғига топширилди, дея хабар қилди "Халқ сўзи".