Сенаторлар томорқадан тўғри фойдаланмаганлик учун жарима белгилаш ҳақидаги қонунни рад этди.
Бугун, 11 май куни Сенат ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига томорқа ер участкаларидан оқилона фойдаланилишини таъминлашга қаратилган қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун рад этилди. Ушбу қонунга кўра томорқасидан асоссиз равишда оқилона фойдаланмаганлик учун жавобгарлик белгиланиши керак эди. Сенаторлар ушбу нормада “асоссиз равишда” ёки “оқилона” фойдаланмаслик ёхуд “самарасиз” фойдаланиш каби тушунчалар қонун ҳужжатларида очиб берилмаган деб топишди. Бу ўз навбатида коррупцияга замин яратиши мумкинлиги қайд этилди.
Сенаторлар ҳозирда “Шахсий томорқа хўжалиги тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилаётганини маълум қилишди. Унда барча масалалар очиб берилиши кўзда тутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси йиғилишида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартириш киритиш масаласи кўриб чиқилган эди. Унга кўра депутатлар кодексни 651-модда билан тўлдиришни таклиф қилган. Унда томорқа еридан самарали фойдаланмаган фуқароларга жарима солиниши белгиланган эди.