Аввалроқ Тошкентдаги "Qanotchi" ресторанининг карантин пайтида фаоилияти йўлга қўйилгани кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлган эди.
Шундан сўнг биз манбаларга таянган ҳолда ресторан фаоилияти тажриба тариқасида йўлга қўйилган ҳақида маълумот бердик. Унинг ортидан пойтахт ҳокимияти ҳам ресторан фаолияти ҳақиқатдан тажриба тариқасида йўлга қўйилганини расман эълон қилиб, бу бўйича нотўғри маълумот тарқатанлар қонунчиликка кўра жавобгарликка тортилишини маълум қилган эди.
Лекин, Санитария-эпидемиология назорати Давлат инспекциясининг маълум қилишича, ресторан карантин талабларига риоя қилмасдан фаолият юритган. У ерда келишувга асосан олиб борилган текширув натижасига кўра пандемия даврида рухсат берилмаган фаолият тури билан шуғулланилаётгани аниқланган.
Шундан келиб чиқиб ресторан раҳбари Агзамов Сардорхўжа Эркиновичга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддасида кўрсатилган ҳуқуқбузарлик бўйича тўпланган ҳужжатлар қонунчиликда белгиланган тартибда кўриб чиқиш учун Яккасарой туман Маъмурий судига киритилмоқда, дейилади инспекция ахборотида.