Обид Асомовнинг турмуш ўртоғи Дилфуза Асомова Hurriyat газетасига интервью берди. Интервью давомида у Асомов нима сабабдан кўп йиллар давомида Ўзбекистонда тақиқда бўлганининг сабаби ҳақида гаирди.
"Менинг турмуш ўртоғим хорижда саҳнага чиққан илк ўзбекистонлик қизиқчилардан бири эди. У доим бошқа давлатларда Ўзбекистон ҳақида гапиришса ғурурланарди. У мамлакатимизни жуда севарди. Унинг хориждаги айрим чиқишлари юқори мансабдагиларга ёқмас эди. Бир марта уни Ўзбекистонда маданий тадбирга таклиф этишди. Ўшанда Обид ака Москвада эди. У белгиланган вақтга етиб кела олмади. Шу сабабга кўра унинг лицензиясини олиб қўйишди ва ТВ орқали чиқишларини ҳам кўрсатишни тақиқлаб қўйишди", - дея таъкидлади Асомова.
Марҳум қизиқчининг турмуш ўртоғи Асомов тақиққа тушганда Ўзбекистонда у ҳақида миш-мишлар тарқалгани ҳақида ҳам гапирди. Дилфуза шуларнинг барчаси турмуш ўртоғининг саломатлигига салбий таъсир қилганини таъкидлади.
"Ўша вақтда Обид Асомовни Тошкентдаги аэропортда дўппослашди деган гап тарқалди. Интернетда Обид ака жароҳат олган ҳолда бўлган суратлари тарқалди. Аслида бу суратлар фильм съемка жараёнидан лавҳалар эди. У шуларнинг барчаси ҳақида қаттиқ қайғурди", - деди қизиқчининг турмуш ўртоғи.
Эслатиб ўтамиз, Обид Асомов 2018 йил 11 декабрда шифохонага ётқизилган эди. 14 декабрда 55 ёшида ўткир инфаркт хасталигидан вафот этди.