Аввалроқ Самарқандда 34 нафар фуқарога коронавирус юқишига сабаб бўлган шифокорга нисбатан жиноий иш қўзғатилгани ҳақида хабар берган эдик. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўша шифокорнинг ёнини олиб, Бош прокурорга мурожаат йўллади.
ССВнинг хабар қилишича шифокор Х.Д. Оқдарё туман тиббиёт бирлашмасида бўлим мудири бўлиб ишлаб келган. Вазирлик унга нисбатан ЖКнинг 257-1-моддаси биринчи қисми билан жиноят иши қўзғатилганини тасдиқлади. Вазирлик юридик бўлими бошлиғи Руслан Муҳаммадиев шифокорга нсиабатан очилган жиноий ишни бекор қилиш кераклиги ва бунга қуйдига асослар борлигини маълум қилган.
"Биринчидан, Жиноят кодексининг 257-1-моддаси биринчи қисми диспозициясидаги қасддан содир этилиши талаб этиладиган қилмишлардан бирортаси фуқаро Х.Д. томонидан содир этилмаган.
Иккинчидан, Жиноят кодексининг юқоридаги моддаси билан жавобгарликка тортиш учун махсус субъект бўлиш талаб этилмайди. Аниқроғи, бу модда билан фақатгина тиббиёт ходимлари жавобгар қилиниши мумкинлиги ҳам қонунда кўрсатилмаган. Айтмоқчи бўлганимиз, тана ҳарорати ошганлигини била туриб, шифокорга мурожаат этмасдан ўзгага инфекция юқтирганлик учун жавобгарликка тортиш мумкин бўлса, нега унда юзлаб ҳолатларда қонуннинг бундай кучидан фойдаланилмади? Нимага айнан тиббиёт ходимига келганда қонунни бундай талқин қилиш мумкинлиги эсимизга тушиб қолди? Масалан, яқинда самарқандлик жуда катта тадбиркорнинг фарзанди кўпчиликка худди шундай шароитда коронавирус юқтирганлиги ҳақида интернетда маълумотлар тарқалган эди. Нима учун ушбу ҳолатда қонуннинг шу меъёридан фойдаланилмади?
Қолаверса, қонунчилигимизда тана ҳарорати ошган фуқаро, ҳоҳ у тиббиёт ходими бўлсин, ҳоҳ бошқа коронавирусга анализ топширмаса жиноий жавобгарликка тортилади, деган мажбурият ҳали ўрнатилгани йўқ.
Юқоридаги ҳолатда тиббиёт ходими ҳисобланган Х.Д. коронавирус инфекциясини жуда катта эҳтимол билан беморларга хизмат кўрсатиш жараёнида юқтириб олган. У коронавирус юқтириб олганлигини жорий йил 28 апрель куни топширган тести натижалари аниқ бўлганидан кейингина билган ва дарҳол даволаниш учун ётқизилган. Бунгача у ушбу инфекцияни юқтириб олганлигини билмаган ва билиши мумкин ҳам бўлмаган. Қолаверса, 34 нафар фуқарога коронавирус айнан тиббиёт ходимидан юққанми ёки бошқаданлигини ҳали дастлабки тергов жараёнида исботлаш керак бўлади.
Тўғри, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Х.Д.нинг ўз соғлигига нисбатан бепарво бўлиб, кимларнидир хавф остида қолдирганлигини оқламоқчи эмас. Шу билан биргаликда, вазирлик мазкур ҳолатда Х.Д.га нисбатан жиноят иши қўзғатиш тўғрисидаги қарор асоссиз, деб ҳисоблайди", - дейди Руслан Муҳаммадиев.
Вазир Алишер Шадманов шулардан келиб чиқиб Ўзбекистон Бош прокурорига Х.Д.га нисбатан жиноят иши қўзғатиш тўғрисидаги қарорни бекор қилиш масаласини ўз ваколати доирасида кўриб чиқилишини сўраб, жорий йил 14 май куни мурожаат йўллади, дейилади вазирлик ахборотида.