Таржимадаги хато сабаб "Beeline"нинг 750 минг нафар абоненти чув тушди. Компания энди зарарни қоплаши керак. Бу ҳақда Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги маълум қилди.
Маълум бўлишича, компания «Ғолиб бўл ва ютиб ол!» акциясида доирасида соҳта реклама тарқатган. Бунда, абонентларга «Сизнинг телефон рақамингиз 100 000 000 сўмлик супер ютуқнинг соҳиби сифатида танланди! SMS орқали 3 сонини 6767 га юборинг! Хизматга обуна бўлиш нархи кунига 1999 сўм» деган СМС келган. «ViaMobi» МЧЖ танланган рақамларга шундай смс юборганини тан олган. Лекин матнни таржима қилиш жараёнида унинг мазмуни ўзгариб кетган. Аслида СМСларда «Сиз ғолиб бўлишингиз мумкин ...» деган жумла юборилиши кераклиги таъкидланди.
Бу рекламада 749 минг абонент қатнашган ва улардан 1 миллиард сўм даромад кўрилган.
Компания «Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида» ва «Реклама тўғрисида»ги қонунларни бузган деб топилган ва унга нисбатан иш қўзғатилган. Акцияда жабр кўрганларга эса «ViaMobi» МЧЖга мурожаат қилишлари кераклиги айтилган.