"6-7 ёшлардаги болакай билан суҳбатлашяпмиз. “Нима бўлди ўзи, нима қилдинглар ўша пайт?” − деб саволга тутдим. "Эрталаб вақтли уйғониб кетдик. Қарасак, ҳамма югуряпти, биз ҳам дадам билан кўчага югурдик”, – дейди. Шу пайт жажжи, ширингина сингилчаси гапга қўшилди, денг. Нигина экан исми. “Менинг оқ айиқчам бор-ку, ўша уйда қолган экан, - дейди кўзларини катта-катта очиб, - Мен уни чўкиб кетди деб ўйлаб, роса хафа бўлдим. Кейин дадам йўқ бўлиб қолдилар. Қидириб-қидириб, ўйинчоғимни топиб келдилар. Айиқчам қайтиб келди! Ҳозир ухлаб ётибди”.
Жуда таъсирланиб кетдим. Тасаввур қиляпсизми?! Одамларнинг кўзига ҳеч нима кўринмай, ҳар томонга ўзини урган бир пайтда Нигинанинг дадаси фарзандим ўксиб қолмасин деб, ортига қайтган", - дейди Саида Мирзиёева.