Шу ўринда аниқ мисоллар асосида сўз юритадиган бўлсак, туманда “Ҳар бир ёшга бир гектар” лойиҳаси доирасида махсус дастур ишлаб чиқилди. Ушбу дастур асосида ҳозиргача унумдор, суғориладиган 15 гектар экин майдони ғайрат-шижоатли ёшларга тақсимлаб берилиши ортидан иккита муҳим масала ҳал қилинмоқда. Биринчидан, ёшлар бандлиги кўзда тутилган бўлса, иккинчидан, сифатли озиқ-овқат маҳсулотларини кўпайтириш имконияти яратилди. Масалан, Наманган вилоятининг Чуст туманидан келган Сайфулла Турсуналиев ўзига тегишли майдонда полиз маҳсулотлари етиштириш баробарида узумнинг Фарғона навлари парваришини ҳам йўлга қўйди.
Қоровулбозорда изланувчан, янгиликка интилиб фаолият кўрсатаётган ёшлар талайгина. Шулардан бири Анвар Ғайбуллаевдир. Анвар иссиқхона шароитида цитрус мевалари етиштириш ҳадисини олган десак, муболаға бўлмайди. У шахсий томорқасида лимон, мандарин ва апелсин парваришлаб, яхшигина даромадга эга бўлмоқда. Бундан ташқари, тадбиркор ўтган йилдан бошлаб, банан етиштиришни тажрибада синаб кўрди. Тажриба эса ўзини тўла–тўкис оқлади. Интилганга толе ёр, дейдилар. Шу маънода таъкидлаганда, Анвар Ғайбуллаев ёш бўлишига қарамай, Қоровулбозорнинг тупроқ ва иқлим шароитида шифобахш банан мевасидан юқори ҳосил кўтаришни ҳам исботлаб берди.
Ёш тадбиркор, маъсулияти чекланган жамият раҳбари Хуршид Жумаев давлатимиз томонидан яратилаётган имкониятлардан самарали фойдаланиб, ўз мувоффақиятларини йил сайин мустаҳкамлаб бормоқда. Чунки у ер тилини яхши билади. Қолаверса, Хуршид қисқа вақт оралиғида қишлоқ хўжалиги илмини ҳам пухта ўзлаштириб олди. Айниқса қаҳрамонимиз бугун иссиқхона шароитида эртанги бодринг ва помидор маҳсулотлари етиштиришда ўзининг нималарга қодир эканлигини кўрсатмоқда.
Қоровулбозорда Халқ депутатлари Бухоро вилояти кенггаши депутати, тадбиркор Фаррух Бекмирзаев ёшлар бандлигини таъминлаш йўлида кенг кўламдаги ишларга қўл урмоқда. Масалан, унинг шу йил замонавий иссиқхона барпо этиши ортидан кўплаб ёшлар учун доимий иш ўрни яратилди. Бундан ташқари бозор илмини ҳар томонлама чуқур эгаллаб олган ишбилармон парандачиликни ривожлантириш орқали, шунингдек, қурилиш учун зарур хомашё саналган ғишт ишлаб чиқариш цехи ва колбаса тайёрлаш кичик корхоналарини қисқа муддатларда ишга тушириши натижасида чекка ҳудуд саналган Қоровулбозорда бандлик муаммолари сезиларли даражада бартараф этилди.
Айни пайтда давлатимизнинг ёшларга бўлган ғамхўрлиги бир қатор ташаббусларга қанот бағишламоқда. Бунга мисол, қоровулбозорлик Имомали Облоқуловга ўтган йили “Ёшлар келажагимиз” жамғармаси маблағлари ҳисобидан 200 миллион сўм кридит ажратилди. Иш кўзини биладиган Имомали ушбу маблағ ёрдамида четдан 100 бош зотли эчки сотиб олди. Айтиш жоизки, 5 кишини иш билан таъминлаган ёш тадбиркор ихтиёридаги эчкилар бир йилда 100 бошга кўпайди.
Халқ депутатлари Қоровулбозор тумани кенггаши депутати, ташаббускор ва серғайрат Алишер Мирзаев томонидан туман марказида оҳак тош ишлаб чиқариш корхонаси барпо этилганлигига икки йил бўлаётир. Маҳсулот сифатини корхона кўзгусига айлантираётган аҳил ва ҳамжиҳат жамоа асосан ёшлардан иборатдир. Бу ерда 2019 йилда 26 та, 2020 йилда 12 та янги иш ўрни яратилди.
Бухоро вилоятининг Қоровулбозор туманида ёшларни муносиб иш ўринлари билан таъминлаш учун секторлар ва туман Халқ қабулхонаси ўзаро ҳамкорликда амалий ишларни давом эттирмоқда. Бу эса аҳолининг реал даромадларини ошириб, фаровонлигини таъминлашга хизмат қилаётганлиги билан янада аҳамиятлидир.
Яхшиев Набижон Шойқулович,
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қоровулбозор тумани Халқ қабулхонаси мудири
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қоровулбозор тумани Халқ қабулхонаси мудири