Маълум бўлишича, 27 май куни Президент Шавкат Мирзиёевга ички туризмни тиклаш ва ривожлантириш бўйича лойиҳалар тақдим этилган. Хусусан ушбу лойиҳаларда Айдар-Арнасой кўллар ҳамда Тўдакўл тизимида хорижий сайёҳлар учун ўйин зоналар ташкил этиш кўзда тутилган. Шунингдек, ушбу лойиҳаларга кўра Айдар-Арнасой кўллар тизимида Ором қирғоғи (Leisure Coast) сув соҳилбўйи дам олиш маскани ташкил этиш, ушбу тизимда йўловчи ташувчи мунтазам автобуси қатновини йўлга қўйиш ҳам кўзда тутилган.
Манбанинг маълум қилишича, 2018 йилда Президент Олий Мажлисга Мурожаатномасида Қорақалпоғистонда азарт ўйинлар зонаси ташкил этилиши мумкинлигига ишора қилган. Кейинроқ, 2019 йил февралида Бош прокуратура Мўйноқда казино (ўйин бизнеси)ни ташкил қилиш бўйича инвесторлардан таклиф тушганини тасдиқлаган. 2019 йил май ойида эса Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Қорақалпоғистонда махсус ўйин зонасини ташкил этиш лойиҳасини қўллаб-қувватлашини маълум қилган. Мўйноқ ҳокими эса «казинолар қурилиши учун аввало қонунчиликка ўзгартириш киритиш керак»лигини таъкидлаган.