Ўзбекистонда иккита ҳайдовчида коронавирус аниқлангани сабабли 100 нафарга яқин фуқаро карантинга олинди. Бу ҳақда ССВ хабар қилди.
Маълум бўлишича, шу йил 22 май куни Россиядан Тошкент вилоятидаги Қибрай туманидаги чегара-назорат постига Балиқчи туманида яшовчи 50 ёшли Р.Р. ва Избоскан туманида яшовчи шериги, 32 ёшли Б.Қ. билан биргаликда халқаро юк ташиш автомашинасида келган. Улардан коронавирусга таҳлил олинган. 23 май куни 32 ёшли ҳайдовчида коронавирус борлиги гумон қилингани учун такрорий таҳлил олинган. Шундан сўнг ҳайдовчилар таҳлил натижасини кутмай, чегара-назорат пости автотураргоҳидан уйига чиқиб кетишган. Ушбу ҳолатдан сўнг улар тезкор қидирув натижасида ўзлари яшайдиган тумандан топилган.
ССВнинг хабар қилишича, таҳлил натижасига кўра икки ҳайдовчида ҳам коронавирус аниқланган бўлган. Суриштирувлар натижасига кўра эса Избоскан ва Балиқчи туманида икки ҳайдовчи билан ҳам мулоқотда бўлган 100 нафарга яқин фуқаролар 14 кунлик тиббий кузатувга олинган.