Соғлиқни сақлаш вазирлиги Навоийда коронавирус тарқалган асосий ўчоқлар маълум қилди.
Вилоятда касаллик асосан бешта ўчоқдан тарқалаётгани айтилмоқда. Жумладан, биринчи катта ўчоқ Зарафшон шаҳрида, иккинчи ва учинчи ўчоқлар Хатирчи туманида, тўртинчи ўчоқ Конимех туманида ҳамда бешинчи ўчоқ Томди туманида юзага келган. Асосий ўчоқ бўлмиш "Зарафшон" шаҳри "қизил" ҳудуд тоифасига киритилган. Шаҳарда 8 майдан бери босқичма-босқич 11 та маҳаллада кучайтирилган карантин қоидалари сақлаб қолиниб, транспорт воситаларининг ҳаракатланиши чекланиши белгиланди. Бундан ташқари, Хатирчи туманидаги 6 та маҳаллада ҳам карантин қоидалари кучайтирилган.
Шунингдек, вилоятда 26 май кунида касаллиги аниқланган беморлар (31 нафар) билан мулоқотда бўлган 300 нафарга яқин фуқаро карантинга олинган: шундан 104 нафари уй карантини, 182 нафари эса стационар карантинга жойлаштирилган. Вилоятнинг яна қатор туман ва шаҳарларида ҳам юзлаб фуқаролар уй ва стационар карантинга олиниб, қатъий тиббий кузатувга олинган.
Вазирликнинг қўшимча қилишича, карантинни янада кучайтириш учун ҳуқуқ тартибот органлари ходимлари билан биргаликда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш, беморларни даволаш ҳамда карантиндаги фуқароларни тиббий кузатувга олишни янада самарали йўлга қўйиш борасида изчил фаолият олиб борилаяпти.
Вилояттдаги ҳолатдан келиб чиқиб у ерга Тошкент шаҳридан малмакали шифокорлар, тажрибали тиббиёт ходимлари юборилган.