Хабар қилганимиздек, кеча, 4 июн куни Ўзбекистонда 96 нафар фуқарода коронавирус аниқланган. Уларнинг 81 нафари карантин муассасаларидаги фуқаролар орасида, 13 нафари аҳоли орасида, 2 нафари халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчиларида аниқланган.
ССВ аҳоли орасида қаерларда вирусга чалинганлар аниқлангани ҳақида батафсил маълумот берди.
Маълум бўлишича, Тошкент шаҳри Шайхонтохур туманида вақтинча яшовчи фуқарода тана ҳарорати кўтарилган, томоқда оғриқ безовта қилган. У текширувдан ўтказилганда коронавирусга чалингани маълум бўлди. Шу туманда жойлашган қурилиш фирмасининг ходимида ҳам ишга келиш учун таҳлил ўтказилганда коронавирус аниқланган.
Пойтахтнинг Миробод туманида нафақадаги фуқаро юқори қон босими билан тез тиббий ёрдам машинасида шифохонага олиб келинган ва текширилганда унда ҳам коронавирус тасдиқланган.
Шунингдек, Юнусобод туманида яшовчи фуқарода тана ҳароратининг кўтарилиши ва томоқда оғриқ безовта қилган. Уй шароитида турли антибиотик дори воситаларни қабул қилган. Тошкент вилоятида яшовчи, пойтахтимиздаги Шайхонтохур туманида жойлашган “Mediapark” савдо мажмуасида қўриқчи бўлиб ишловчи фуқарода ҳам тана ҳароратини кўтарилиши, ҳолсизлик, қуруқ йўтал ва томоқда оғриқ безовта қилган. Инфекция аниқланган ушбу бемор ҳам уй шароитида турли антибиотик дори воситаларни қабул қилган.
Бундан ташқари, Навоий шаҳридан 6 нафар, Навбаҳор ва Кармана туманларидан эса 1 нафардан коронавирусга чалинган бемор бевосита аҳоли орасида тасдиқланган.