"Ўрикзор"да юк ташувчи бўлиб ишлаган фуқарода ва унинг Қашқадарёдаги оила аъзоларида коронавирус аниқланди. Бу ҳақда ССВ хабар қилди.
Маълум бўлишича, 5 июнь соат 23:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 4007 (+20) нафарни ташкил этмоқда.
Янги касалланиш ҳолатларининг 6 нафари Самарқанд вилоятида коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлган ва карантинга олинган фуқаролар орасида, 5 нафари Бухоро вилоятида (4 нафари коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлган ва карантинга олинган, 1 нафари аҳоли орасида) 5 нафари Тошкент вилоятида (3 нафари халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчиси, 2 нафари аҳоли орасида), 4 нафари Қашқадарё вилоятида (Тошкент шаҳридаги “Ўрикзор” бозорида юк ташувчи бўлиб ишлаган ходим ва у билан яқин мулоқотда бўлган 3 нафар оила аъзоси) аҳоли орасида аниқланди.
Ҳозирда мамлакатимизда 744 нафар бемор даволанмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ "Ўрикзор" бозорида сотувчилар ҳамда улардан маҳсулот оладиган Юнусободдаги магазинда савдо қиладиган фуқароларда коронавирус аниқланган эди. Шундан сўнг бозор ёпилган. 4 июндан эса, 14 кунлик карантиндан кейин бозор яна қайта фаолиятини бошлаган.