Хабарингиз бор, кеча 7 июнь санасида Ўзбекистонда 217 кишида коронавирус аниқланди. Шулардан 195 нафари Тошкент шаҳрида, 10 нафари
Тошкент вилоятида, 8 нафар Хоразм вилоятида ва 4 нафари Сирдарё вилоятида аҳоли орасида аниқланди.
Шундан келиб чиқиб, Республика бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков Ўзбекистонда пандемия билан боғлиқ ҳолат гапирди.
«Вазият мураккаблашиб бормоқда. Ҳар биримиз кўчага чиқиш, мулоқотга киришиш орқали касалланиш эҳтимолимиз борлигини унутмаслигимиз керак. Карантин тадбирларига тўлиқ риоя қилинг. Дока ниқобда бўлинг, мулоқотларда оралиқ масофани сақланг, уйга қайтганингиздан кейин антисептик воситалардан фойдаланинг», – дейди Отабеков.
Шунингдек, бош давлат санитария инспектори карантин талабларига панжа орасидан қараётганлар, бефарқ муносабатда бўлаётганлар кўпайиб кетаётганини айтиб, ҳолатни ижобий ёки салбий томонга ўзгартириш ҳар биримизнинг ҳаракатимизга боғлиқ эканини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, айни вақтгача мамлакатимизда коронавирусни юқтирганлар сони 4352 нафарни ташкил этмоқда. Ҳозирда 981 нафар бемор даволанмоқда.