Аввал хабар қилганимиздек, бир неча кундан бери пойтахт Тошкент шаҳрида аҳоли орасида коронавирусга чалинганлар сони кескин оишб бормоқда. Хусусан, бугун соат 10:00 ҳолатига кўра аниқланган янги касалланиш ҳолатларининг барчаси Токшентда, аҳоли орасида қайд этилган.
Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи, Республика бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков мамлакатда пандемия ҳолати бўйича гапирди.
“Коронавирус касаллиги бўйича эпидемик вазият мураккаблигича сақланиб турибди. Янги касалланиш ҳолатларининг барчаси Тошкент шаҳри аҳолиси орасидан аниқланган. Ушбу ҳолатлар бўйича эпидемик суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Биз касалликни, афсуски, кимдан, қандай йўл билан тарқалганини, касаллик манбаи кимлигини аниқлолмаган ҳолатларимиз бор.
Шундай экан, ҳар биримиз эҳтиёт чорамизни кўришимиз керак. Биринчи галда ўзимизни эҳтиёт қилсак, оила аъзоларимизни эҳтиёт қилган бўламиз. Дока ниқоб бу – ҳимоя воситаси, ундан фойдаланишимиз шарт. Мулоқотда масофани сақлашимиз, одамлар тўпланган жойларга боришдан тийилишимиз, қолаверса, уйга қайтганда дастлаб қўлларимизни антисептик воситалар билан зарарсизлантиришимиз шарт”, – дейди Отабеков.
Эслатиб ўтамиз, ҳозирда коронавирусга чалинганлар сони 4 минг 448 нафарга етди.