Бугун, 10 июнь куни Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Ботир Қурбонов иштирокида брифинг ташкил этилди. Унда Қурбоновдан Тошкент шаҳрида коронавирус билан касалланганлар кўплигига қарамай пойтахт нега «сариқ» ҳудуд бўлиб қолаётгани, март-апрель ойларида кунлик касаллар сони ҳозиргидан кам бўлса-да, қатъий карантин чоралари қўлланилгани юзасидан сўралди.
Директор ўринбосари Тошкентда касаллик аниқланган маҳалла, мавзе, даҳа ва йирик объектлар бўйича карантин чекловлари ўрнатилаётганини маълум қилди. Унга кўра, жами 512 та маҳалладан 42 таси "қизил" ҳудуд, 132 таси — "сариқ" ҳудуд ва 339 таси — "яшил" ҳудудга ажратилгани таъкидланди.
"Тошкент шаҳри пойтахт эканлиги ҳисобга олиниб, аҳолининг ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлари ва ҳаракатларига таъсир қилмай, тадбирларни манзилли белгилаш тизимли тарзда амалга оширилмоқда", - деди Ботир Қурбонов.