Сергелида такси ҳайдовчисида коронавирус аниқланди. ССВ аҳоли орасида COVID-19 қайд этилгани бўйича маълумот берди.
Хабар қилинишича, кеча,11 июнда Ўзбекистонда 39 нафар аҳоли орасида коронавирусга чалинганлар тасдиқланган. Хусусан, Навоий вилоятида 18 нафар, Тошкент шаҳрида 17 нафар, Наманган вилоятида 3 нафар ҳамда Тошкент вилоятида 1 нафарни ташкил этмоқда. Вазирлик ушбу ҳолатлар айнан қаерларда кузатилганига ойдинлик киритди. Мисол учун, Тошкент шаҳри Чилонзор туманида яшовчи фуқарода (ишга кириш мақсадида таҳлилдан ўтган), Шайхонтоҳур туманидаги “Медиа парк” савдо мажмуаси яна бир сотувчисида, Юнусобод деҳқон бозорининг яна 6 нафар сотувчисида, Сергели туманида касаллиги тасдиқланган такси ҳайдовчисининг отаси ва укасида коронавирус аниқланган.
Шунингдек, бугун 10:00 гача 7 нафар фуқарода, аҳоли орасида касалликка чалинганлар қайд этилган. Жумладан, Бухоро вилоятининг Шофиркон туманида яшовчи фуқаро (тана ҳарорати кўтарилиб, шифохонага мурожаат қилган), Жондор туманида яшовчи фуқарода (шу тумандаги “ВЕТ-ФАРМ” МЧЖ сотувчиси) ҳамда Вобкент туманида яшовчи фуқарода (тана ҳарорати кўтарилгани сабабли таҳлил топширган), шунингдек, Самарқанд вилояти Ургут туманида яшовчи 2 нафар фуқарода ҳам коронавирус инфекцияси тасдиқланган. Айни пайтда ушбу ҳолатлар юзасидан эпидемиологик суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Маълумот ўрнида, бугун, 12 июнь соат 16:30 ҳолатига кўра Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 4837 (+18) нафарни ташкил этмоқда. Янги касалланиш ҳолатларининг 16 нафари пойтахтимизда( шундан 14 ҳолатда аҳоли, 2 ҳолатда эса карантинда тиббий кузатувда бўлган фуқаро орасида) қайд этилган бўлса, 2 нафари Литвадан Чиноз туманидаги чегара пост орқали кириб келган халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчисида аниқланган.