Соғлиқни сақлаш вазирлиги 12 июнь санасида аҳоли орасида коронавирусга чалиниш ҳолати бўйича маълумот берди.
Маълум бўлишича, кеча мамлакатимизда аҳоли орасида 26 нафар кишида коронавирус аниқланган. Хусусан, Тошкент шаҳрида 14 нафар, Бухоро ва Тошкент вилоятларида 5 нафардан, Самарқанд вилоятида эса 2 нафар фуқароада касаллик қайд этилган.
Жумладан, Бухоро вилоятининг Шофиркон, Жондор ва Вобкент туманларида яшовчи фуқароларда ҳамда Самарқанд вилояти Ургут туманида яшовчи 2 нафар фуқарода ҳам коронавирус инфекцияси тасдиқлангани ҳақида аввал хабар берган эдик.
Бундан ташқари, Тошкент шаҳри қурилиш объекти ишчисида ва қурилиш объектига ишга кириш учун таҳлил топширган фуқарода, Юнусобод туманида яшовчи фуқарода (тана ҳарорати кўтарилган, уй шароитида даволанган, сўнгра шифхонага бориб таҳлил топширган), ушбу туманда яшовчи яна бир фуқаро (тана ҳарорати кўтарилаётганлиги сабабли таҳлил топширган), Зангиота туманида яшовчи фуқарода (санаторийда ётиш учун таҳлил топширган) коронавирус аниқланган. Айни пайтда ушбу ҳолатлар юзасидан эпидемиологик суриштирув ишлари олиб борилмоқда.