Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан 16 июнь куни аҳоли орасида коронавирус аниқлангани юзасидан маълумот берилди.
Маълум бўлишича, кеча Тошкент шаҳрида 14 нафар, Бухоро вилоятида 3 нафар, Самарқанд вилоятида 2 нафар, Наманган вилоятида эса 1 нафар фуқарода, аҳоли орасида коронавирус қайд этилган.
Хусусан, Тошкентнинг Олмазор туманида яшовчи оиланинг уч нафар аъзосида касаллик аниқланган. Улар дам олиш жойига ҳордиқ чиқаришга бориб қайтгандан сўнг иситимаси кўтарилган бўлган. Ушбу тумандаги яна уч нафар фуқарода, Учтепа туманидаги тикувчилик цехи ишчисида, ишга жойлашиш учун намуна тоширган шахсда ҳамда тана ҳарорати кўтарилгани сабабли поликлиникага мурожаат қилган фуқарода касаллик қайд этилган.
Шунингдек, "Малика" савдо мажмуасидаги сотувчида, Юнусободда ҳомиладор аёлда, Сергелида яшовчи вақтинча ишсиз фуқарода ҳамда унинг 4 нафар оила аъзосида, республика ихтисослаштирилган онкология ва тиббий радиология илмий-амалий тиббиёт марказида даволаниш учун намуна топширган фуқарода инфекция аниқланган.
Бундай ташқари, Самарқанд туманида яшовчи нафақадаги беморда (онкология касаллиги сабабли шифохонага ётиш учун намуна топширган), Самарқанд шаҳридаги 24-мактаб фарроши (кўкрак бези касаллиги бўйича намуна топширган), Бухоро вилояти Шофиркон туманида яшовчи ҳайдовчида ҳам касаллик тасдиқланган.