Тошкентнинг 4 та туманида коронавирусга чалинганлар аниқланди. Бу ҳақда ССВ хабар қилди.
Маълум бўлишича, кеча, 20 июнь куни Ўзбекистонда 19 ҳолатда, аҳоли орасида коронавирусга чалиниш ҳолати кузатилган.
Хусусан, пойтахт Тошкентда корхонада ишловчи 4 нафар ишчи ва уларнинг 5 нафар оила аъзоларида, оромгоҳга кетиш учун таҳлил топширган Учтепада яшовчи фуқарода, Мирободда профилактик мақсадда намуна топширган фуқарода, Шаҳхонтоҳурда яшовчи уй бекасида ҳамда ҳарбий чақириққа келган болалар билан мулоқот қилган Олмазор тумани Мудофаа ишлари бўлими ходимида касаллик аниқланган.
Шунингдек, Тошкент вилояти Қибрай туманида яшовчи Ш.Э.да (ишга кириш мақсадида намуна топширган), Мудофаа ишлари бошқармаси Юқоричирчиқ тумани ходими Д.А.да (меҳнат таътилидан ишга чиққан ва тана ҳарорати кўтарилиши сабабли намуна топширган), Янгийўл туманида яшовчи М.М.да ва Чирчиқ шаҳрида яшовчи И.Н.да (профилактика мақсадида намуна топширишган), Сурхондарё вилояти Жарқўрғон тумани яшовчи Ш.Э.да (Тошкент шаҳрида ёлланма ишчи бўлган, тана ҳарорати кўтарилиб, ўзи намуна топширган) ҳамда Хоразм вилоятида Тошкент вилоятидаги МЧЖга қарашли юк автомашинаси ҳайдовчиси В.Т.да (вилоятга кириш блок постида намуна олинган) ҳам коронавирус инфекцияси тасдиқланган.
Айни пайтда ушбу ҳолатлар юзасидан эпидемиологик суриштирув ишлари олиб борилмоқда.