Бугун, 24 июнь куни бўлиб ўтган брифингда қайси ҳудудлардан келганлар карантинга олинмаслиги маълум қилинди. Бу бўйича маълумотни Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Ботир Қурбонов тақдим этди.
"Республика махсус комиссиясининг қарорига кўра, Япония, Жанубий Корея, Хитой Халқ Республикаси ва Исроил давлатида охирги 14 кун ичида бўлиб турган ва Ўзбекистонга кириб келган шахслар карантин назоратига олинмайди.
Европа Иттифоқи, Малайзия, Таиланд, Сингапур давлатларидан келган шахслар 14 кун давомида уй карантинига олинади, қолган бошқа давлатлардан Ўзбекистонга кириб келган шахслар эса 14 кун давомида карантин назоратида сақланади", - дейди Ботир Қурбонов.
Шунингдек, брифингда "Нима сабабдан Тошкентда касаллик аниқланса фақат маҳалла, вилоятларда эса бутун ҳудуд қизил деб эълон қилинмоқда?" деган саволга мутахассис қуйидагича жавоб берди.
"Тошкент шаҳри бўйича касаллик қайд этилган ҳар битта туманнинг маҳаллалар, мавзелар, даҳалари ва йирик объектлар бўйича карантин, чеклов тадбирлари белгилаш тизимли олиб борилмоқда.
Мақсад — Тошкент шаҳри пойтахт шаҳар эканлиги боис аҳолининг ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлари ва ҳаракатларига таъсир қилмаган ҳолда, тадбирларни манзилли белгилаш тизимли тарзда амалга ошириш", - дейди директорнинг биринчи ўринбосари.