Жиззах вилояти Бахмал туманидаги ҳарбий қисмлардан бирида тарбияси оғир ўқувчи-ёшлар уч кун давомида худди ҳарбийлардек яшаб кўрди. Бу вақт ичида улар билан маънавий ва маърифий ишлар олиб борилиб, жанговар тайёргарлик машғулотларида дастлабки ҳарбий кўникмалар эгалланди.
Уч кун давом этган машғулотлар давомида ўқувчи ёшлар реал ҳарбийча ҳаёт билан танишиб, саф тайёргарлиги, ўқ отиш, экстремал шароитларда яшовчанликни таъминлаш, қуролларни нотўлиқ қисмларга ажратиш ва йиғиш, жисмоний тайёргарлик каби машқларда бевосита иштирок этдилар.
Ўқувчи-ёшларнинг ҳарбий қисмда яшаши учун алоҳида кун тартиби белгиланди. Улар ҳарбий хизматчилар учун яратилган барча шароитлардан, хусусан, иссиқ ва шинам ётоқхона, мазали таомлар ҳамда замонавий кутубхона, спорт иншоотлари, мини полигондан фойдаланиш имкониятига эга бўлди.
Мудофаа вазирлиги қўшинларида биринчи марта ўтказилаётган ушбу тадбир ёшлар томонидан содир этилаётган турли ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олишга, уларда ватанпарварлик руҳини кучайтириш, эл-юрт хизматига доимо тайёр фарзанд сифатида тарбиялашга қаратилган.
Бу каби тадбирлар Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 13 декабрь “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 27 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойиши юзасидан ўтказилмоқда. Эслатиб ўтамиз, фармойишга биноан жорий йилнинг 15 декабридан 2019 йилнинг 15 январига қадар “Ватанпарварлик ойлиги” этиб белгиланган.