Кеча, 28 июнь куни соат 23.30 ҳолатига кўра Ўзбекистонда яна 135 кишида коронавирус аниқланган.
Янги касалланиш ҳолатларининг 108 нафари Карантин марказидаги фуқаролар (барчаси хориждан келган) орасида, 14 нафари Қашқадарё вилоятида (барчаси коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб карантинга олинганлар) орасида, 11 нафари Тошкент шаҳрида (шундан 10 нафари касалликка чалинганлар билан мулоқотда бўлиб карантинга олинганлар орасида, 1 нафари аҳоли орасида), 2 нафари Сирдарё вилоятида (шундан 1 нафари аҳоли орасида, 1 нафари эса халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчисида) аниқланган.
Шундай қилиб, кеча кун давомида 266 кишида коронавирус аниқланди. Шундан 247 нафари Карантин муассасаларида, 16 нафари аҳоли орасида (шундан 6 нафари Андижон вилоятида, 4 нафари Самарқанд вилоятида, 2 нафардан Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳрида, 1 нафардан Тошкент вилояти ҳамда Сирдарё вилоятида), қолган 3 нафари эса халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчилари орасида аниқланган. Айни вақтда мамлакатда умумий зарарланганлар сони 7948 нафарга етди.
Шунингдек, кеча 89 нафар бемор соғайди. Улар Тошкент шаҳри ва Қашқадарё вилоятидаги тиббиёт муассасаларида шифо топишди.
ССВнинг хабар қилишича, кеча яна бир бемор коронавирусдан вафот этган. Маълум бўлишича, Тошкентнинг Юнусобод туманида яшовчи 42 ёшли Д.Х. (эркак) жорий йил 20 июнь куни бош мия қон айланиши ўткир бузилиши (инсульт)нинг қайталаниши билан (2018 йилда биринчи маротаба инсульт бўлган) ўта оғир ҳолатда Республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази реанимация бўлимига ётқизилган.
Беморда 22 июнь куни коронавирус аниқланган ва унга ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида Тошкент тиббиёт академиясининг кўп тармоқли клиникасига ўтказилган ҳамда аҳволи кескин ёмонлашганлиги сабабли сунъий нафас бериш аппаратига олинган.
Беморнинг даволаниши давомида кунлик аҳволи тажрибали шифокорлар томонидан ҳам назоратга олиниб, бир неча бор консилиумлар ўтказилган.
Бироқ шу соҳа мутахассисларининг стандартлар асосида ўтказган реанимацион муолажаларига қарамасдан бемор бош мия қон айланишининг ўткир бузилиши, ўткир нафас ва ўпка-юрак етишмовчилигидан вафот этди.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 28 июнь куни карантин марказида коронавирус юқтириб олган шифокор вафот этган эди.