Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари, полковник Маҳкам Вафоев пойтахтда фоҳишаликка қарши кураш ҳақида гапирди. Бу ҳақда Кун нашри хабар қилди.
Вафоевнинг айтишича бунга қарши ҳар куни кураш олиб борилади. У кунига 50га яқин фоҳиша маҳкамага олиб келиниши ҳақида гапирди.
“Олиб келгач, 3 соат ушлаб туришимиз керак, лекин кейин қаёққа олиб борамиз? Судгами? Судда шантаж, инсон ҳуқуқларини пеш қилишади. Жарима солсак, пулини тўлаб, чиқиб кетаверади”, – дея савол билан мурожаат қилди Вафоев.
3 соат ушлаб турилгач фоҳишалар “шантаж” қилиши айтилди.
“Камига видеога олиб, интернетга ҳам чиқариб юборади. Маъмурий қамоққа олиш чораси белгиланди. Лекин қамоқдан чиққандан кейин ҳам яна ўша ишини бошлайди.
Бундай фаолият билан шуғулланаётганларнинг муҳокамасини маҳаллада ҳам ўтказамиз, лекин фойдаси йўқ. Уларнинг аксарияти бошқа ҳудудлардан келгани учун маҳалласида ҳеч ким танимайди“, – деди ИИББ бошлиғи ўринбосари.