Нега раҳбарлар газетада босилган танқидий мақолаларга олти-етти ойлаб жавоб беришмайди?!

Нега раҳбарлар газетада босилган танқидий мақолаларга олти-етти ойлаб жавоб беришмайди?!
Француз ёзувчиси Дени Дидро “Одамлар китоб ўқишдан тўхтасалар, фикрлашдан ҳам тўхтайдилар” деб ёзганидан хабарингиз бор, албатта. Ҳаёт ҳақиқати барқ уриб турган бу ҳикматга шак келтирмаган ҳолда масаланинг моҳиятига чуқурроқ қарайдиган бўлсак, китобку китоб, ҳатто бирон бир газета ёки журнал мутолаа қилмайдиган одамнинг фикрлаши ҳам ҳаминқадар эканлигини тасаввур қилиш қийин эмас.

Хўш, газета ўқимайдиган раҳбарнинг жамиятга зарари қандай? Энди мисолларга мурожаат қиламиз.

Пойтахтимизнинг қоқ белида жойлашган маҳалла атоқли давлат ва жамоат арбоби, таниқли ёзувчи Шароф Рашидов номи билан аталади. Бу улуғ номни эшитган одам кўз ўнгида ҳавас қилса арзигулик, сариштаю саранжом, энг замонавий, гўзал бир маскан намоён бўлиши аниқ. Ҳа, бу маҳалла бир вақтлар чиндан ҳам шундай эди. Аммо, бир ҳовуч манфаатпарастлар кейинги етти-саккиз йил ичида уни талон-торож қилиб, ачинарли аҳволга солиб қўйдилар. Айниқса, э йўқ, бе йўқ, бу ердаги салкам ярим гектарлик сўлим боғнинг 40-50 ёшли қатор-қатор дарахтлари зўравонлик билан ноқонуний гузар қуриш баҳонасида кундаков қилиниб, болалар спорт майдончалари-ю, чўмилиш ҳовузчаларининг ер билан яксон этилганлиги кўп миллатли маҳалла аҳлини ташвишга солмай қолмади. Адолат истаб идорама-идора югур-югур-у, ёз-ёз бу менинг маҳаллам деган одамларнинг тинка-мадорини қуритганлигини сўз билан ифодалаш қийин. Бир йил давом этган жанжал тафсилотларини Ўзбекистон телевидениеси бутун мамлакатга, интернет эса дунёга бир неча бор достон қилганлиги бузғунчиларнинг тўпиғига ҳам чиқмади. Улар инсофга келиш у ёқда турсин, ҳатто уялмадилар ҳам. Аксинча, ётиб қолгунча отиб қол қабилида иш тутиб, қабиҳликдан қайтмадилар. Эгилган ҲАҚИҚАТ эса синмади. Кўп қаватли уйлар орасида осмонўпар бино қуриш мумкин эмаслиги Тошкент шаҳар маъмурий суди қарорида аниқ-тиниқ белгилаб берилди. Манфаатпарастлар кўч-кўронларини кўтариб кетган бўлсалар-да, одамлардан узр сўраб, вайронани аввалги ҳолига келтириб қўйиш (бу осон эмас, албатта) ҳанузгача ҳеч кимнинг хаёлига келаётгани йўқ. Аксинча, энг нуфузли ташкилотлар жойлашган бу маҳаллада ноқонуний бузиб-қуришлар кўпайгандан кўпайиб бормоқда. Болажонлар эса ёзги таътилни уяси бузилган асаларилар мисол кўчама-кўча шаталоқ отиб ўтказишди. Бу ҳақда “Инсон ва Қонун” газетасида (2018 йил,3-июль) бонг урилганига беш ойдан ошди. Шу вақтга қадар маҳалла раисидан тортиб, туман раҳбарларигача бундан бехабар бўлиши мумкинми? Мумкин эмас. Чунки, ҳокимиятдагилар ўқимаган “Инсон ва Қонун”ни айнан шу маҳаллага бириктирилган туман прокуратурасидагилар ўқимаганлигига ишонгимиз келмайди. Демак, икки томон ҳам хабардор. Унда нега сукут сақлаб ўтирибдилар? Нега оқни оққа, қорани қорага ажратмаяптилар? Нега харобазорни обод қилиб, маҳаллани ноқонуний қурилмалардан тозалашни хаёлларига ҳам келтирмаяптилар? Нега бу ишларга бош-қош бўлган маҳалла раисининг кирдикорларидан кўз юмиб келаяптилар? Балки, йўлларини кимдир тўсиб тургандир?! Балки, қор ёғиб, излар босилишини кутаётгандирлар? Нима бўлганда ҳам, сомсани еганлар бир четда қолиб, пулини жабрланганларнинг тўлашини оқлаб бўладими?

Яна бир мисол. Шукрлар бўлсинким, дўкон ва бозорларимиз турли-туман нон билан тўла. Истаганча харид қилишимиз мумкин. Аммо, уларнинг сифати... Баъзи корхоналар етказиб бераётган буханка нонлар юзи ялтироғу ичи қалтироқ бўлиб, бир неча соатдан сўнг, истеъмолга ярамаяпти. Ичида кўкимтир рангдаги бадбўй шилимшиқ пайдо бўлиб, моғорлаб қолмоқда. Инсон саломатлиги учун хавфли бўлган бу нарса кеча ёки бугун пайдо бўлгани йўқ. Биз икки йилдан буён кузатаётган бу нохушликдан Давлат санитария-эпидемиология назорати-ю, истеъмолчилар ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилувчи идоралар бехабар деб ўйлайсизми? Наҳотки, улар қанчадан-қанча буханка нонлар исроф бўлаётганини кўрмаяптилар? Назаримизда, кўриб туриб кўрмаганликка олаётганга ўхшайдилар. Бунинг устига “Инсон ва Қонун” газетасида (2018 йил, 24-июль) берилган шу мавзудаги танқидий мақоладан бехабар ўтирганларига ҳайронмиз. Чунки, мақолада ташкилот номи келтирилган.

Кези келганда яна бир мисол келтирай. Бу ҳаммамизни ҳар доим ташвишга солиб келган юлғичликнинг янги усули ҳақида. Кузатган бўлсангиз, супермаркет пештахтасида турган нарса борки, нархининг охирги икки рақами “90” билан тугайди. Масалан, 5890, 12490, 3690 ва ҳоказо. Ҳатто, юз сўм турадиган бир дона игнага ҳам тўқсон сўм қўшиб сотилади. Бирон бир нарсанинг баҳоси яхлит эмас. Хўш, нима бўлибди? Буни супермаркетда нақд пул тўлаганда биласиз. Қандай қилиб? Мана бундай: Агар, нархи 11090 сўм бўлган олмадан икки кило олсангиз, узатган пластик картангиздан кассир 22180 сўм ечиб олади. Нақд пул билан тўлайдиган бўлсангиз, 22200 сўм тўлайсиз-у, 20 сўмни садақа қилиб кетаверасиз. Чунки, сизга берадиган қайтимнинг ўзи йўқ. Шу боис кассир ҳам лом-мим демайди. Ҳар юз харидордан икки минг сўм тушиб турганда лом-мим дермиди? Тома-тома кўл бўлур деганларидек, бу бир ойда фалон миллион сўм бўлади-ю, тешиб чиқадими? Топқирликни қаранг-а, топқирликни! Тадбиркор бўлса, шунчалик бўлар-да! Бу ўта кетган юлғичлик дейсизми? Аслида шундай. Лекин, сезилмас, кўзга кўринмас ва ҳеч кимда шубҳа уйғотмайдиган юлғичлик! Шуни билибми, кимсан супермаркет директориман деганнинг “Ҳуррият” газетасида (2018 йил, 21-февраль) айнан шу мавзуда эълон қилинган “Бу – юлғичлик эмасми?” номли танқидий мақолани ҳозирга қадар ўқигиси келмаяпти. Ҳа, энди буни савдо ходими деб қўйибди. Уларнинг кимлигини билмабсиз, дунёга келмабсиз, дўстим. Танқидий мақола дейсиз-а. Фельетон ёзсангиз ҳам пинаги бузилмайди. Демак, катталари ҳам ўқимайдида-а? Ўқимайди! Ўқиганда, “90” аллақачон супермаркет пештахталарини тарк этган бўларди. Ёдингизда бўлса, бир замонлар булбулнинг тилидай танқид ҳам текшир-текшир бўлар, жамоада муҳокама қилиниб, оқи оққа, қораси қорага ажратилар, айбдорлар қилмишларига яраша жазоланар, муаммо ҳал этилиб, газетага маълум қилинар эди. “Демак, ўшанда раҳбарман деган газета ўқиган эканда-а?!” Ўқиган! “Бугун-чи? Бугунги раҳбарлар китоб, газета-журнал ўқимаяптиларми?” Ўқишгаку ўқиётгандирлар. Аммо, ҳали уққанлари сезилаётганича йўқ. Уққанларида биз ушбу мақолани ёзиб ўтирмаган бўлардик.

Нуриддин Очилов
Журналист

Ўхшаш янгиликлар

Янгиликка фикр ёзиш чоп этилган кундан 30 кун ичида мумкин.

Сўнгги янгиликлар

Самарқанд давлат университети битирувчилари дунёнинг топ-100 талик университетида магистратурани давом эттиради…

2022 йил Самарқанд давлат университети Италиянинг Болонья университети билан ҳамкорлик меморандумини имзолаган эди. Унга кўра СамДУ...
6-12-2024, 11:20

Самарқанд давлат университети Хитойдаги олий таълим муассасалари билан ҳамкорликни давом эттиради…

Самарқанд давлат университетига Шенси провинциясининг (Хитой) Бош прокурори Ван Юн бошчилигидаги делегация ташриф буюрди. Меҳмонлар билан...
4-12-2024, 09:27

Ватан ва Виждон

Инсонга ота-онани ва Ватанни танлаш имконияти берилмаган. Дунёга келган ва киндик қонимиз тўкилган манзил Ватан ҳисобланади. Худди,...
3-12-2024, 08:58

Айрим тадбиркорларга тўланган солиғининг бир қисми қайтариб берилади

Ҳукумат Қарори билан тасдиқланган Низомга кўра, 2024-йил 1-октябрдан бошлаб туроператорлик ва меҳмонхона хизматларини кўрсатувчи...
29-11-2024, 12:34

Shimoliy poytaxt Oʻzbekistonlik sayyohlarni tashrif buyurishga taklif qiladi

Sankt-Peterburg dunyodagi eng goʻzal shaharlardan biri boʻlib, u oʻz mehmonlariga qiziqarli vaqt oʻtkazish uchun koʻplab variantlarni...
12-11-2024, 15:42
Ўзбекистон янгиликлари » Жамият » Нега раҳбарлар газетада босилган танқидий мақолаларга олти-етти ойлаб жавоб беришмайди?!