Аҳоли орасида коронавирусга чалиниш ҳолати кўпайганига асосан ёшлар сабабчи экани айтилди. Бу ҳақда бугун бўлиб ўтган брифингда Тошкент шаҳри санитария- эпидемиологик осойишталик маркази бош шифокори ўринбосари Бобур Қурбонов маълум қилди.
Брифингда Қурбонов фуқаролар томонидан берилган саволларга жавоб берди.
Аҳоли орасида коронавирус билан касалланганларнинг кескин ошиб кетиши нима билан боғлиқ?
"Хориждаги фуқароларимиз Ўзбекистон ҳудудига кириб келгач, махсус карантин зоналарига жойлаштирилади, яъни улар қариндошлари, дўстлари ва танишлари билан мулоқот қилмайди. Ўша ерда улардан тест текшируви учун таҳлиллар олинади. Шундан сўнг уларга ташхис қўйилади. Натижалар асосида COVID-19 тасдиқланади.
Аҳоли орасида коронавирусга чалинганларнинг кўпайиб кетаётганига сабаб: фуқароларимиз, асосан ёшларимиз карантин тадбирларига амал қилмай қўйди. Тиббий ниқобларни нотўғри тақиш (бурунни очиб), масофа сақламаслик, ёшларнинг кечалари маҳаллалар ва кўп қаватли уйлар тагида йиғилиб бирга вақт ўтказишлари — мана шу сабаблар туфайли Тошкент шаҳрида касалланишлар сони кескин кўпаймоқда", - дейди Қурбонов.
Аввалроқ депутат Мақсуда Ворисова коронавирус билан касалланганлар сони ошиб кетишида аҳоли айбдор эканини айтган эди.