Ўзбекистонда коронавирусни деб сурункали касаллиги борлар даволана олмаётгани маълум қилинди. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев бугун бўлиб ўтган йиғилишда айтди.
"Коронавирусни даволаймиз деб, деярли барча ихтисослаштирилган тиббиёт муассасалари тўлдириб ташланди. Натижада сурункали касаллиги бор беморлар малакали тиббий хизматдан деярли маҳрум бўлди", - дейди Шавкат Мирзиёев.
Шундан келиб чиқиб, йиғилишда мутасаддиларга сурункали касалликларни даволашга ихтисослашган шифохоналардаги коронавирусга чалинган беморларни бошқа жойларга, шу жумладан хусусий клиникаларга кўчириш орқали сурункали хасталиги бор беморларга малакали тиббий хизмат кўрсатилишини қайта тиклаш чораларини кўриш топшириғи берилди.