Тошкентда ҳарорат кўтарилиши юзасидан тез ёрдамга мурожаатлар сезиларли камайгани маълум қилинди. Бу ҳақда "Дарё" хабар қилди.
Манбанинг Махсус комиссия аъзоси Феруза Ҳамробоева тақдим этган ахборотга таяниб хабар қилишича, бундай мурожаатлар сони пойтахтда 28 ва 29 июлги таҳлилларга кўра 1,2 мартага камайган.
Шунингдек, Ҳамробоева айрим ҳолларда тез ёрдам томонидан бемор олиб кетилиб, яна қайтариб уйига олиб келинаётгани юзасидан изоҳ берди.
Ҳамробоева бундай ҳолатни ҳукумат топшириқлари, хусусан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги буйруқларини бажармаслик деб атади. Бемор ростан ҳам стационар ёрдамга муҳтож бўлса, тез ёрдам бригадаси уни стационарга жойлаштириши керак, дейди у.
"Агар бемор ўпкасининг рентгенографиясида касаллик аломатлари бўлмаса ёки бошқа ташхис муолажалари қилиниб, бемор уй шароитида даволаниши мумкин деган хулоса қилинса, уйга қайтарилган бўлиши мумкин", дея қўшимча қилди Феруза Ҳамробоева.