Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Севара Убайдуллаева Ўзбекистонда касалликка чалинган беморлар қайси ҳолатларда хатоликка йўл қўяётганини маълум қилди.
Унинг айтишича, одамлар касалликка чалиниши билан осма укол олаяпти. Бу эса касалликнинг 6-7-кунига келиб, аҳволлари оғирлашаётгнини кўрсатмоқда, дейди мутахассис. Бундай йўл тутганларнинг тамографияси натижасини кўрганда ўпка жароҳатлангани, унинг сув йиққани намоён бўлаётгани таъкидланди.
"Ҳозирги кунда ўлаётган беморларнинг ҳамма ташхисини кўринг: ўпка шишиши! Булар ўзидан-ўзи келиб чиқмаяпти. Ҳаммаси осма укол таъсири", - дейди Убайдуллаева.
Буйраклар у суюқликни чиқариб ташлашга улгурмаётгани, ушбу ҳолат эса юрак қобиғида ҳам суюқлик йиғилишига олиб келаётгани, жигарни ишдан чиқариши мумкинлиги таъкидланди. Шунинг учун осма укол олишдан аввал албатта шифокор билан маслаҳатлашиш тавсия этилди.
"Одамлар осма уколлардан воз кечса, Ўзбекистонда ўлим кўрсаткичи камаярди", - дея қўшимча қилди мутахассис.