Шу йил 26 июль куни тармоқларда аёл болалаларга машғулот ўтаётган видео тарқалган эди. Унда аёл машғулотга ҳалақит берган болаларни уришиб бергани тасвирланган.
Видео тармоқларда кенг тарқалгач бир зумда оммалашди ва ҳажвий видеоларнинг яратилишига сабаб бўлди. Мактабгача таълим вазирлигининг хабар қилишича, видеодаги аёл Намнганнинг Чортоқ туманидаги боғчада тарбиячи бўлиб ишлайди. Аёл шу йил 15 июлда болалар учун видеомашғулот тайёрлаётган бўлган ва ўша вақтда унинг фарзандлари ушбу жараёнга ҳалақит берган ва аёл уларга нисбатан қўполлик қилган. Маълум бўлишича, аёл ушбу видеони 4-5 марта олган ва телеграм гуруҳга адашиб муваффақиятсиз олинган видеони ташлаб юборган ва дарҳол ўчирган. Лекин бу орада уни бошқалар юклаб олиб тармоқларда тарқатиб юборган.
Вазирликнинг қўшимча қилишича ҳолат юзасидан ўрганиш олиб борилган ва боғча тарбиячисига нисбатан интизомий чора қўлланган. Боғча раҳбарига эса огоҳлантириш берилган.