Абитуриентлар учун махсус автобуслар ташкил этилади. Бу ҳақда Давлат тест маркази ахборот хизмати раҳбари Орзиқул Бобоев маълум қилди.
Бугун бўлиб ўтган брифингда ДТМ вакилига вилоят марказидан узоқда яшайдиган абитуриентлардан савол келиб тушди. Улар тест барвақт бўлган тақдирда махсус автобуслар қўйиладими деган масалани ўртага ташлади.
ДТМ вакили эса тегишли вазирлик ва ташкилотлар томонидан тест синови ўтказиладиган объектлардан узоқда жойлашган туманлардан абитуриентларни олиб келиш ва жойига етказиш бўйича жамоатчилик транспорти қатновларини йўлга қўйиш устида иш олиб борилаётганини маълум қилди.