Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Барно Абдусаматова иштирокидаги брифингда Ўзбекистонда қачонгача ниқоб тақилиши маълум қилинди.
Абдусаматовадан брифингда баъзи давлатларда кўчаларда ниқоб тақиш бекор қилингани, аслида ниқоб коронавирусдан 100 фоиз ҳимояламаслигини айтиб, нега Ўзбекистонда ниқоб тақиш шартлиги сўралди.
Мутахассис савол берувчининг гапини маъқуллаб, ниқоб ҳақиқатан инфекция юқишидан 100 фоиз ҳимоялай олмаслигини маълум қилди. Лекин, коронавирус инфекцияси ташувчиси ниқобдан фойдаланганида, унинг вирусни бошқа одамга юқтириш эҳтимоли бир неча мартага камайишини айтди.
“Шунинг учун ниқоблар мабодо сиз симптомсиз, коронавирус инфекциясининг ташувчиси бўлсангиз ҳамда ўзингиз бундан бехабар бўлсангиз, вирусни бошқаларга юқтириш эҳтимолини кескин камайтириш учун керак”, – дейди Абдусаматова.
Мутахассис баъзи давлатларда ниқоб тақиш бутунлай бекор бўлмаганини ҳам таъкидлаб ўтди.
“Транспортда, бозорлар, дўконлар ва бошқа аҳоли тўпланадиган жойларда ниқоб тақиш талаби сақланиб қолган, фақатгина кўчада юрганда ижтимоий масофа сақлаган ҳолда ниқобсиз юриш тавсия этилган”, – дея қўшимча қилди штаб аъзоси.
Абдусаматова ҳар бир давлат касаллик профилактикасига қаратилган ўзининг тартибини белгилашини ва амалга оширишини таъкидлади.
“Бизда эпидемиологик вазият барқарорлашмагунча ниқоб тақиш шарт”, – дейди Барно Абдусаматова.