“Ўзбектелеком” жорий йилнинг 1 декабридан бошлаб Ўзбекистонда интернет тезлиги 10 баробарга оширилиши ҳақида хабар қилган эди. Лекин айтилган санадан бошлаб интернет тезлиги ҳаммада ҳам 10 баробарга ошди деб айта олмаймиз. Бу бўйича “Замон” дастурида Ўзбектелеком АК тижорат директори вазифасини бажарувчи Алишер Зуфаров билан суҳбат уюштирилди, дея хабар қилди Sof.uz.
“Йил бошида ташқи интернет канали умумий ўтказувчанлик қобилияти 110 ГБ секундни ташкил қилган. 1 декабрь ҳолатига келиб ушбу кўрсаткич 1200 ГБни ташкил этди. Бу дегани 10 баробардан ортиққа оширилди. Оператор-провайдерлар интернет тезлигини оширишни сўрашса, 10 баробаргача ошириш имконияти мавжуд. “Ўзбектелеком” АК оператор-провайдерлардан ташқари фойдаланувчиларга, ташкилотларга ҳам интернет хизматларини тўғридан тўғри етказиб беради. Ушбу хизматимизда ҳам бозорда сезиларли ўзгариш бўлишини таъминлаш мақсадида мавжуд абонентларимизнинг тариф режаларини 3 бараваргача ошириш кўзланган. Бунга мисол, 1 декабрга қадар фойдаланувчилар 200 минг сўмга 2 МБ тезлигида интернет олиш имкониятига эга бўлишган бўлишса, 1 декабрдан бошлаб ушбу нарх 88 минг сўмга туширилди. Оператор-провайдерлар йил бошида 1 МБ интернетни 244 минг сўмга сотиб олишарди, 1 декабрдан ушбу нарх 85 минг сўмгача туширилди. Ҳозирни ўзида ишлаб турган абонентларга айнан ўша тўловнинг ўзига 3 баравар юқори тезликда интернет хизматини тақдим этяпмиз. 2 МБ интернет ишлатиб келаётган фойдаланувчиларимиз 200 минг сўм тўлов амалга ошириб келган бўлса, 1 декабрдан 88 минг сўмлик таърифни эшитишганидан сўнг, келиб шу тарифга ўтишни бошлашди. Уларни автоматик тарзда 6 МБга ўтказдик. Аксарият мижозларимиз ҳозирнинг ўзида паст таъриф режасига ўтишди. Натижада улар интернет тезлигини ошганини сезишмади”, дейди Алишер Зуфаров.