Хазорасп туманида собиқ маҳалла раиси Т.Х.нинг иши кўриб чиқилди. Маҳалла раиси кам таъминланганларга ажратилган уйни олиб бериш учун 400 доллар сўраб, уни олаётганда қўлга тушган.
Судда айбланувчи ўз айбига тўла иқрор бўлган. У эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган вақтида ўз қилмишига чиндан пушаймон бўлганини айтган. Суд Т.Х.ни айбдор деб топган. Лекин, унинг 4 нафар вояга етмаган фарзандлари борлиги ҳамда халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари илтимосига кўра унга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо қўлланди. У суд залидан озод этилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хоразм вилоятида яна бир маҳалла раиси пора билан ушланган эди. Гурлан туманида маҳалла раҳбари 2 ёшгача бўлган боланинг нафақасини олишда ёрдам беришини айтиб, фуқародан 400 минг сўм талаб қилган эди.