Бугун, 9 сентябрь куни ОАВда, хусусан Zarnews нашри томонидан гўёки Самарқанд давлат университети проректорининг ёрдамчиси У.Э. пора билан қўлга тушгани ҳақида хабарлар тарқалди. СамДУ томонидан ушбу хабарлар рад этилди.
“Бизда У.Э. деган фуқаро ишламайди. Шунингдек, бизнинг университетимизда проректор ёрдамчиси деган лавозимнинг ўзи йўқ. Биз ОАВдан хабарларни беришдан олдин маъумотни текшириб олишни ва бундай хатоларга йўл қўймасликни сўраб қоламиз. Маълумотларнинг ҳаққоний эмаслиги жамият орасида салбий фикрларнинг шаклланишига олиб келиши мумкин. ОАВга, хусусан Zarnews нашрига мурожаат қилган ҳолда, йўл қўйган хатони тўғирлашларини сўраб қоламиз”, – дейилади университет матбуот хизмати ахборотида.
Эслатиб ўтамиз, ОАВда тарқалган хабарда гўёки проректорининг ёрдамчиси 800 доллар пора билан ушлангани ёзилган. ОАВ вакиллари вилоят ҳуқуқ тартибот органлари томонидан берилган нотўғри ахборотга таянишгани таҳмин қилинмоқда.