Сенатда гиёҳванд модда истеъмол қилувчиларни даволаш ва шундай касалликларнинг олдини олишга қаратилган қонун муҳокама қилинди. Қонун муҳокамаси жараёнида ИИВ вазири ўринбосари Азиз Икрамов гиҳёванд модда истеъмол қилувчи ёшлар бўйича маълумот берди.
“Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан берилган маълумотга кўра гиёҳванд моддалар истеъмол қилувчи 5889 нафар ёшлар рўхатга олинган. Уларнинг асосий қисми Андижон вилояти – 1232, Тошкент шаҳри – 1188 ва Фарғона вилоятига – 1093 тўғри келмоқда. Бошқа вилоятларда гиёҳванд модда истеъмол қилувчи ёшлар сони 500-600 кишини ташкил қилади”, – дейди вазир ўринбосари.
Икрамовнинг сўзларига кўра, ёшлар асосан психотроп дори воситаларини истеъмол қилади. Шундай препаратлардан бири “Тропикамид” экани айтилмоқда. Ушбу препаратлар оқибатида ёшлар аянчли жиноятлар содир этаётгани маълум қилинди.