Ҳурматли фуқаролар ҳамда ташкилот, корхона ва
муассасаларнинг раҳбарлари
муассасаларнинг раҳбарлари
Об-ҳавонинг кескин совуб кетиши натижасида газ иситиш мосламаларидан фойдаланишга бўлган эхтиёж ортиб боради. Бундай пайтларда айрим фуқароларнинг эхтиётсизлиги оқибатида кўнгилсиз ҳодисалар содир бўлиши ҳамда инсонлар ис газидан заҳарланиши мумкин.
Шу муносабат билан мазкур ҳодисаларни олдини олиш мақсадида газ ускуналаридан фойдаланишда қуйидаги ёнғин ва хавфсизлик талабларига риоя қилишингизни сўраймиз:
- қўлбола ва носоз газ иситиш мосламаларидан фойдаланманг;
- тунги вақт аҳоли турар жойларида ўрнатилган иситиш тизимини назоратсиз қолдирманг;
- ошхонада ўрнатилган табиий газда ишловчи газ плиталардан хоналарни иситиш мақсадида фойдаланманг;
- иситиш печлари ва уларнинг мўриларини созлигига, уларни турли буюм ва тўсиқлар билан беркитилмаслигига ҳамда махсус ташкилотлар томонидан ўз вақтида тозаланишига алоҳида эътибор беринг;
- иситиш мосламалари яқинида ёнувчан буюмларни сақламанг;
- иситиш мосламаларидан фойдаланишда уларни ишлаб чиқарган корхонанинг тавсия ва йўриқномаси талабларига риоя қилинг;
- газ ускуналарни улаш тартиб қоидаларига риоя қилинг ва уларга резина шлангалар орқали уланишга йўл қўйманг;
- агарда хонада газ ҳидини сезсангиз, чироқ ва учқун чиқарувчи мосламалардан асло фойдаланманг, дарҳол хонани шамоллатинг ҳамда газ хизматига зудлик билан хабар беринг.
Ушбу қоидаларга риоя этиш билан Сиз ўзингиз ва яқинларингизни ҳамда уй-жойингизни кўнгилсиз ҳодисалардан сақлаган бўласиз.