Маълум бўлишича, шу йил 23 сентябрь куни ҳуқуқ тартибот органларига Тошкентдаги Версал ресторани олдида 20-30 кишилик гуруҳ тўплангани ҳақидаги хабар келиб тушган. Ходимлар шундан сўнг воқеа жойига етиб бориб, вазиятни ўрганган. Аниқланишича, гуруҳ тўпланган ҳудудга яқин жойда вояга етмаган бола ҳайдаб келган Нексия-2’да совуқ қуроллар бор бўлган. Уни 15 ёшли Абдулазиз Ф. бошқариб келган. Шунингдек, ўсмирнинг ёнида яна икки нафар, 16 ёшли Миржавоҳир М. ва Исмоилжон А. ҳам бўлган.
Ҳуқуқ тартибот органлари ходимлари автомобилни текширганда унинг юкхонасидан кесувчи буюмлар, нунчаки, таёқ ва электрошокер топилган. Ушбу ҳолат юзасидан тезкор ишлар амалга оширилаётганлиги маълум қилинди. ИИББнинг қўшимча қилишича, Абдулазизнинг ота-онаси фарзанди қилиб юрган ишдан бехабар бўлган.