Жиззах вилояти фуқароси коронавирусга чалинганларни даволашга ихтисослашган шифохонадан видеомурожаат йўллади. Видео телеграм каналларда тарқалди.
Видеода ўзини Қобил Абдусатторов деб таништирган эркак соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги муаммолар ҳақида гапирган. Эркакнинг айтишича, у даволанаётган шифохонада беморларга дорилар берилмаяпти ва овқат билан боғлиқ муаммолар бор.
Фуқаро овқат ҳаммага ҳам етмаётганини айтди. Дориларни эса беморларнинг ўзлари дорихонадан сотиб олаётгани айтилмоқда. Бундан ташқари, Абдусатторов палатадаги бўш жойга ҳам эътибор қаратди. Эркак бўш жойлар бўлишига қарамай, шифохона янги беморларни қабул қилмаётганини айтди.
“Мен ҳеч кимдан қўрқмайман. Соғлиқни сақлаш вазири шахсан менга бу бўйича ҳисобот берсин. Бизга ҳар бир беморга 32 млн сарфланяпти дейиляпти. Лекин амалда танаввул қилишга ҳам ҳеч нарсамиз йўқ. Пуллар қаерга кетаяпти? Мен халқ номидан бу ҳақида билгим келаяпти”, – дейди эркак видеода.