"Ишбилармон аёл—2020” кўрик-танловининг Шўрчида ўтган туман босқичида биз ана шундай тадбирли хотин-қизларимизнинг ишини кўриб янада қувондик.
Кўрик-танлов иштирокчиларининг фаолиятини ўрганиш учун ЎзЛиДеП Шўрчи туман Кенгаши аппарат ходимлари уларнинг корхоналарида бўлишди. Дастлаб, тумандаги “Ибн Сино” маҳалласида ҳунарманд Ихлима Тошбоеванинг иш фаолияти билан танишилди. Ихлима Тошбоеванинг гул тикиш, оқ матога тасвири туширлиган нарсаларни худди аслидек ифодалаши жуда мураккаб. У кишидан нозик дид, кенг тасаввур, теран фикр ва ўзига хос ёндашувни талаб этади. Айниқса, рангларни уйғунлаштириш алоҳида маҳорат ва масъулият, меҳнат ҳамдир. И.Тошбоева қўнғирот салла, тиллақош, гулдўзи дўппи, бўйин тупак, каштали болиш, шарақай гилам, жамалак, аёллар дўпписини тикиш, нозигардон, томоқай, бибишак мунчоқларини тўқиш ва етказиб бериш билан шуғулланади. Тадбиркор томонидан 2 нафар доимий ҳамда 3 нафар мавсумий иш ўрни яратилган.
Ҳакамлар ҳайъати миллий ҳунармандчилик билан шуғулланиб келаётган Озода Пардаеванинг иш фаолияти билан ҳам танишишди.
— Доно халқимиз бекорга ҳар ишни ўз вақтида қил, ҳар дақиқани бахтинг калити бил, дейишмаган, — дейди ҳунарманд Озода Пардаева. – Карантин вақтида биз ҳунармандлар ҳар бир дақиқани ғанимат билиб, ўз устимизда ишлаяпмиз. Миллий ҳунармандчилигимизни давом эттириб, янгиликлар қиляпмиз. Миллийлигимиз акс этган, қадриятларимиздан сўзлайдиган сумка, кўйлак, желак ва бошқа маҳсулотларни харидорларга етказиб бермоқдамиз, — дейди тадбиркор О.Пардаева. Дарвоқе, тадбиркор “Қишлоқ қурилиш” АТ банкининг Шўрчи филиали томонидан берилган 8 миллион 400 минг сўм ҳисобига 5 та иш ўрни яратган.
Шундан сўнг, ҳакамлар ҳайъати янги очилган “Зебузар ўқув маркази” иш фаолиятини кўздан кечиришди.
— Ўқув марказимизда компьютер технологияларидан самарали фойдаланиш, дастурлаш асослари, робототехника, компьютер графикаси ва дизайн, тизим ва тармоқларни бошқариш ва IT-тадбиркорлик соҳасида ихтисослаштирилган ўқув курслари фаолияти йўлга қўйилган, – дейди марказ раҳбари Зиёда Зиёдуллаева. —Бундан ташқари, марказимизда санъатнинг рассомчилик ва дизайнлик йўналишига қизиқувчи ёшларга ўз фикр-мулоҳазаларини оқ қоғозга тушириш имконияти яратилган. Сабоқ олаётган ёшлар ранг тасвир, графика ва композиция йўналишларини ҳам қунт билан ўрганишмоқда.
Зарур технологик воситалар билан жиҳозланган марказда “Устоз-шогирд” анъанаси давом эттирилиб, тикувчилик ва пазандачилик йўналишида таҳсил олаётган 30 нафар шогирдларга бандликка кўмаклашиш аркази томонидан стипендия ажратилган. Ўқув маркази томонидан 12 нафар доимий ҳамда 7 нафар мавсумий иш ўрни яратилган.
“Бобур” маҳалласида фаолият юритаётган “Мафтуна Шўрчи Дизайн” МЧЖ раҳбари Гулсора Тангированинг ҳам ишлари ўрганилди. МЧЖ томонидан касб-ҳунар коллежини битирган 21 дан ортиқ ёш иш билан таъминланган бўлиб, Гулсора опа раҳбарлигида тайёрланаётган турли хилдаги замонавий кўрпа ёстиқлар, эркаклар, аёллар, болалар ва махсус ишчи кийимларлари мамлактимизнинг барча ҳудудларида харидоргирлиги билан эътиборга лойиқдир.
ЎзЛиДеП Сурхондарё вилоят кенгаши
Матбуот хизмати
Матбуот хизмати